Депутат – сайловчилар ҳузурида

30.05.2022 10:05:50

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов сайловчилар билан учрашувларини бу сафар ҳам “Атанган гузар” маҳалласидан бошлади. Чунки шу ой бошида фуқаролар билан ўтказилган мулоқотларда мазкур ҳудудда қатор муаммолар борлиги аён бўлган эди. Албатта, парламент аъзоси  белгиланган тартиб асосида уларни чуқур ўрганди, ечимини топишга ҳаракат қилди. Бунда унинг ёрдамчиси Акмалжон Ҳайларов ва “Адолат” СДП вилоят Кенгаши фаоллари камарбаста бўлдилар. Биз  сайловчиларнинг фикри билан қизиқдик.

 – Депутатга мурожаат қилганимизга ҳали бир ой бўлгани йўқ, - деди маҳалла фуқароси Тўрабой Отахонов. – Лекин ўзгаришлар кўзга ташланиб қолди. Масалан, 7-оилавий поликлиника филиалидаги ҳолатни вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма мутахассислари кўриб чиқишди. Тез орада зарур чора-тадбирлар белгиланса керак. Маҳалланинг марказий Қозонбулоқ кўчасини асфальтлашга киришилди. Унинг икки четидаги ариқларга темир-бетон новлар ўрнатилмоқда. Бундан аҳоли хурсанд.

Депутатнинг кейинги манзили “Ғунча” ва “Курашхона” маҳаллалари бўлди. Ҳар икки МФЙда фуқаролар учун сайёр қабул ўтказиш режалаштирилган эди. Кутилганидек, мурожаатлар хилма-хил мавзуларда бўлди. Кимдир шахсий муаммосининг ечимини қидиради, яна биров маҳалладаги ободончилик масаласини ўртага қўяди.

Масалан, “Ғунча” МФЙ раиси Ҳамидулла  Умаров аҳолини қийнаётган қатор муаммоларни тилга олди. Ички йўлларнинг аксарияти таъмирга муҳтож. Табиий газ узатиш тармоқлари ишламайди. Боз устига баллонли газ етказиб беришда ҳам узилишлар мавжуд. Ҳудудда мактабгача таълим муассасаси йўқлиги ҳам ота-оналарга қийинчилик туғдирмоқда. Электр узатиш тармоқларини янгилаш бўйича талаблар қондирилмай келмоқда.

Ғунча кўчаси, 3-уйда яшовчи Дилором Иноятова ўз оиласига моддий ёрдам берилишини сўради. Депутат мазкур мурожаат юзасидан МФЙ раисининг фикрини суриштирди. У фуқарога ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилишини билдирди.

Бахтиёр Йўлдошев ўзи истиқомат қиладиган Сўлим кўчасидаги аҳолининг “дарди” билан ўртоқлашди. Маълум бўлишича, мазкур ҳудуд янги қурилган якка тартибдаги уй-жойлардан иборат. Аммо одамлар кўчиб келганига тўрт-беш йил бўлганига қарамай, ичимлик сув таъминоти масаласи ҳал этилмаган. Бу мурожаат ҳам тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида ўрганиб чиқиладиган бўлди.

Сайёр қабулда қатнашган бошқа фуқаролар билдирган фикр ва мулоҳазалар, таклифлар ҳам рўйхатга олинди. Бугун-эрта уларни пухта ўрганиш ва ҳал этиш учун ҳаракатлар бошланади.

Шу куни Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов 44-умумтаълим мактаби жамоаси билан ҳам учрашди. Педагоглар иштирокидаги мулоқотда таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+