Депутат ташаббуси билан беморларга бепул дори-дармон тарқатилди

25.05.2021 13:05:38

Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар  маҳаллий Кенгаш депутатларидан чуқур масъулият, сайловчилар билан ишлашда янгича ёндашув ва фаолликни талаб қилмоқда. Бу жараёнда депутатларимиз бугунги кун нафаси билан яшаш, зиммадаги вазифаларни астойдил бажариш учун тинмасдан фаолият олиб боришяпти.

Хусусан, ана шундай фидойи халқ вакилларидан бири, Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати Малика Аманова  шаҳардаги “Тупроққўрғон” МФЙда яшовчи фуқаролар билан мулоқотда бўлиб, муаммоларига ечим излади. Депутат маҳаллада яшовчи аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди. Уларни қийнаётган муаммоларни ўрганди. Жойида ҳал қилиб бериш чораларини кўрди. Ўрганишлар жараёнида депутатга мазкур маҳаллага қарашли Рўдакий кўчасида болалар майдончаси қуриш, оқава қувурларни алмаштириш, ички йўлакларни кенгайтириш масалалари юзасидан мурожаатлар бўлди. Мазкур муаммоларни депутат ўз назоратига олишини ва ижобий ҳал қилиб беришини билдирди.

Шунингдек, депутатимиз  оила шифокори  ва ҳамшираларни жалб қилиб, тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда мазкур МФЙдаги сурункали касаллиги бор беморлардан хабар олиниб, шифокорлар назорати остида беморларнинг қон босими, қондаги қанд миқдори аниқланди. Аниқланган касалликлар бўйича шифокорлар томонидан тегишли тиббий тавсиялар берилди. Маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож 18 нафар беморларга 8 турдаги дори –дармонлар тарқатилди.

-Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ҳудудларда мавжуд муаммоларни ўрганиш баробарида уларга ечим топиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш депутатлар фаолиятининг кун тартибидаги масалалардан бири бўлмоқда, -дейди депутат М.Аманова.- Албатта, фуқароларнинг мурожаатлари бизни ишлаш, амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқишда масъулиятимизни янада оширади. Бу саъй-ҳаракатларнинг самараси эса сайловчиларнинг ўз вакилларига бўлган ишончи ортиб бораётганида ҳам акс этади.
Айтиш жоизки, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш партиямиз сайловолди дастурида белгиланган асосий вазифалардан бири саналади. Кам таъминланган оилалар учун тиббий кўрик ташкил этиш, ногиронларни ижтимоий ҳимоялаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат устидан жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилаётгани айни шу мақсадга қаратилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлаш, айниқса, уларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш доимий эътибордаги вазифалардан биридир. Шу сабаб депутатимиз ташаббуси остида  ҳудудларда тиббий кўриклар ташкил этиш ҳам йўлга қўйилган. Депутат ташаббуси билан маҳаллаларда жорий йилнинг шу вақтигача  3 маротаба тиббий кўрик ташкил этилди. 155 нафар фуқарода турли даражадаги касалликлар эрта аниқланиб, соғломлаштириш ишлари амалга оширилди.

Ҳудудларда депутатларнинг ўрганишлари давом этмоқда.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+