Депутат ташаббуси билан Ғаллакор кўчасининг 200 метр қисмига асфальт ётқизилди

05.07.2021 19:07:50

Мамлакатимизда қишлоқлар ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, халқимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда ҳаёт кечиришини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Юртбошимиз раҳнамолигида қишлоқ жойларда кўплаб замонавий ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис корхоналари, таълим ва тиббиёт муассасалари бунёд этилмоқда. Коммуникация тармоқлари бугунги кун талаблари даражасида янгиланмоқда. Қишлоқларимизда наъмунавий лойиҳалар асосида барча шарт-шароит ва имкониятларга эга уй-жойлар қурилиб, аҳолига имтиёзли ипотека кредитлари асосида берилиши аҳоли турмуш даражасининг юксалишига хизмат қилмоқда.

Қишлоқ тараққий топса, юртимиз обод, ҳаётимиз фаровон бўлади, деган эзгу мақсад йўлида олиб борилаётган бундай кенг кўламли бунёдкорлик ишлари самарасида бугун қишлоқлар шаҳар билан бўйлашмоқда. Шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовут тобора йўқолиб бормоқда. Жорий йилда бу борадаги ишлар яна ҳам кенг миқёсда давом этаётир.

Аҳолига қулайлик яратиш, шаҳримиз, қишлоқларимиз чиройига-чирой қўшиш мақсадида амалга оширилаётган бу каби эзгу ишларга Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси ҳамда партиядан сайланган депутатлар ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Хусусан, партиянинг Мирзачўл туман Кенгаши ҳамда туман Кенгаши депутатлари томонидан партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида партия ходимлари, депутатлар ҳамда маҳалла фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилган ҳолда маҳаллалар кесимида фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилиб уларнинг муаммолари ўрганилиб, ҳар бир муаммони ижобий ҳал этиш учун амалий ишлар олиб борилмоқда.

Мана шундай очиқ мулоқотлардан бири тумандаги “Ипак йўли” ҚФЙда ўтказилганда ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли томонидан маҳалладаги Ғаллакор кўчасининг таъмирталаблиги юзасидан ишчи гуруҳга мурожаат қилинди.

Қилинган мурожаат асосида халқ депутатлари Мирзачўл туман Кенгаши депутати Заҳриддин Усмонов томонидан муаммони ўрганиб чиққан ҳолда, масалани ҳал этиш юзасидан туман ҳокимлигига ва туман “Ободонлаштириш” корхонасига депутатлик сўрови орқали мурожаат қилинди. Мазкур масала туман Кенгаши сессиясида кўриб чиқилиб, муаммони ҳал этиш туманнинг 2021 йилги давлат дастурига киритилган эди. Натижада жорий йилнинг июнь ойида Ғаллакор кўчасининг 200 метр қисмига асфалт ётқизилди. Жорий йил якунига қадар ушбу ҚФЙ ҳудудидаги Маржонбулоқ, Темирчилар, Бўстон, Салоҳият кўчаларига ҳам  асфальт ётқизилиши режалаштирилган.

– Кўчамизнинг носозлиги нафақат машиналарнинг, балки аҳолининг ҳам ҳаракатланишида, қолаверса, ёғин-сочинли кунларда айниқса, болаларимизнинг мактабга боришида қийинчилик туғдираётган эди, – дейди мазкур кўчада яшовчи фуқаро Б.Аралов. - Депутатларнинг ҳамда масъулларнинг меҳнати ва саъй-ҳаракатлари натижасида кўчамиз қайта таъмирланди. Бу эса кўчамизда яшовчи 200 дан ортиқ фуқароларнинг кайфиятини кўтармоқда.

Дарҳақиқат, йўллар элларни-элларга, манзилларни-манзилларга туташтирувчи муҳим воситадир. Давлатимиз томонидан йўл қурилиши соҳасига қаратилаётган жиддий эътибор ҳудудларни ободонлаштириш, йўловчи ва ҳайдовчиларга бирдек қулайлик яратиш, одамларнинг мушкули осон, турмуш даражаси эса янада фаровон бўлишига хизмат қилади, албатта. 

 

Маҳмуд ХОЛБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

етакчи мутахассиси

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+