Депутат ташаббуси билан кўчалар ободонлашди

03.03.2020 18:03:30

     Кунлар исий бошлагандан бери шаҳар ва қишлоқларда, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида теварак-атрофни тартибга келтириш, ободонлаштириш, ариқ-зовурлар, хиёбонларни тозалаш ишлари амалга оширилмоқда. Ободонлаштириш ишлари жараёнида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар, ҳовлилар, боғ ва сайлгоҳларни тартибга келтириш, чиқиндиларни белгиланган жойга чиқариб ташлаш, кўчаларни таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу хайрли ишларда  депутатларимиз ҳам камарбаста бўлиб, ўз ҳиссаларини қўшаётганликлари қувонарлидир.

      Хусусан, Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати Малика Аманова ташаббуси билан шаҳардаги “Тупроққўрғон”  маҳалласи ҳудудидан ўтадиган ўнга яқин ички кўчалар тозаланиб, ободонлаштириш ишлари олиб борилди.. 

– Маҳалламиз ҳудудидан бир нечта ички кўчалар кесишади, – дейди “Тупроққўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Тўраев. – Депутат М.Аманова ташаббуси билан ушбу йўлларни тозалаш ва теварак-атрофини ободонлаштириш ишларида аҳоли фаол иштирок этди. Ариқлар тозаланди, дарахтлар оқланди,  бевосита депутат ҳомийлигида мевали дарахт ва арча ниҳоллари ҳамда баҳорги гул кўчатлари эктирилди.

Бу жараёнда маҳалланинг уй-жой мулкдорлари ширкатлари,  “Биотех” масъулияти чекланган жамияти филиали билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилди. 

– Тоза-озода, обод жойда файзу барака бўлади, – дейди депутат Малика Аманова. – Шунинг учун юртимизда катта шодиёналар, байрамлар олдидан ҳашарлар уюштирилиб, хонадонлар, маҳалла, кўча ва хиёбонлар, гузарлар, муқаддас қадамжоларни янада обод қилиш яхши анъанага айланган. Халқимизга хос бундай хайрли ишларда пок ниятларимиз, эзгу орзу-мақсадларимиз ўз ифодасини топмоқда. Бир-биримизга оқибат ва ўзаро ҳамжиҳатлик бўлса хонадонлар атрофи тоза бўлади, уйимизга қут-барака киради. Айни дамда баҳор байрамлари арафасида ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ўтказилиши ҳам энг улуғ, энг азиз айёмни юртимизнинг ҳар бир гўшасида муносиб нишонлашга хизмат қилади. 

Тозалик ва ободонлаштириш ишларида фаол қатнашганларга депутатимиз томонидан ташаккурномалар топширилди.

 

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+