Депутат ташаббуси билан маҳаллага янги трансформатор ўрнатилди

20.08.2021 13:08:50

Жарқўрғон туман 11-“Истиқлол” сайлов округидан Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгашига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган депутат Азамат Маматалиев айни пайтда  сайловчилар ишончини оқлаётган депутатларимиздан бири. Партиянинг “Адолат қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ўз сайловчилари муаммоларини ҳал этиш учун ҳаракат қилмоқда.

Хусусан,  тумандаги "Истиқлол" маҳалласида тез-тез электр энергиясида узилишлар рўй берарди. Бундан азият чеккан маҳалла аҳли ушбу муаммо юзасидан Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутати Азамат Маматалиевга мурожаат қилишди.

Депутат дарҳол маҳалла ҳудудига бориб, вазиятни ўрганди. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, маҳалла ҳудудига ўрнатилган 250 Кв.лик трансформаторнинг имконияти етмаслиги маълум бўлди. Ҳудуд аҳолиси ҳамда  хонадонлар сони кўпайиб, электр энергиясига бўлган эҳтиёж ортгани боис узилишлар бўлган. Депутат тезда тегишли ташкилотларга сўровлар чиқарди ва бу ишни охирига етиш учун имкон ахтара бошлади.

Ниҳоят, кўп уринишлардан сўнг, депутатнинг  саъй-ҳаракати билан 250 Кв. кўп йиллар давомида кучсиз бўлиб ишлаган трансформатор ўрнига Электр тармоқлари туман бўлими томонидан янги замонавий 400 Кв. ли янги трансформатор ўрнатилди. Эндиликда маҳалла аҳли бундан мамнун.

– Маҳалламизда 350 дан ортиқ хонадон истиқомат қилади, лекин анчадан буён электр таъминотида узилишлар бўляпти, – дейди “Истиқлол” маҳалласида яшовчи Шарифа Муродова – Шу масала юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик, аммо натижа бўлмади. Шунинг учун ўзимиз сайлаган депутатдан ёрдам сўрадик. Депутатга раҳмат! Унинг ташаббуси билан маҳалламизга янги трансформатор ўрнатиб берилди.   

Агар ҳар бир халқ вакили шу тартибда фидойилик билан ишласа, яхши натижаларга эришиш мумкин. Шу билан бирга, одамлар ҳам ўзлари сайлаган депутатдан рози бўлишади.

 

Фахриддин ОРИФХОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+