Депутат томонидан муқаддас қадамжоларга саёҳат ташкил этилди

28.06.2022 11:06:50

Халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгаши депутати  Ўрол Шерхонов ташаббуси билан ёзги дам олиш кунларини мароқли ўтказишларини таъминлаш мақсадида тумандаги 65-сонли умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиларидан 25-нафарига Термиздаги тарихий обидалар ва зиёратгоҳларга саёҳат ташкил этилди.

Дастлаб, саёҳат ислом оламининг буюк  алломаси Ал-Ҳаким ат-Термизий зиёрат- гоҳидан бошланиб, тарихчилар томонидан бобокалонимиз ҳақидаги тарихий воқеалар тингланди. Депутатимиз ҳамроҳлигида ўқувчи ёшлар мазкур зиёратгоҳга ташриф буюриб, тарихий обидалар ва маъданий меросимиз ҳақида чуқур билимга эга бўлдилар.      Айтиш жоизки, манбаларда Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг 400 дан ошиқ асарлар ёзганлиги, бу асарлар дунёвий ва диний илмларнинг турли соҳаларига бағишланганлиги хусусида маълумотлар берилган. Яна шу асарларнинг 50 дан ошиғи бугунги кунларгача етиб келган. Шулар орасида “Адаб ан-нафас” (“Нафс одоби”), “Ал-амсал” (“Масалалар”), “Арш ал-муваҳиддин” (“Ягоналик чўққиси”), “Ал-фуруқ” (“Фарқлар”), “Ўавр ал-умур” (“Умр сўқмоқлари”), “Ал-ҳуқуқ” (“Ҳуқуқлар”), “Маърифат ал-асрор” (“Билиш сирлари”), “Ал-масоил ал-афана” (“Фан масалалари”), “Сифат ал-қулуб” (“Қалблар сифати”), “Табоқат ус-сўфия” (“Сўфийлар табақаси”), “Тафсир” (“Шарҳ”), “Тарих ал-машойих” (“Шайхлар тарихи”) ва бошқа асарлари Лейпциг, Берлин, Париж, Анқара, Лондон, Готтинген, Дамашқ, Рим, Штутгарт, Тошкент ҳамда бошқа кўплаб шаҳарларда сақланмоқда. Аллома ўз даврида халқ орасида ҳакимлик унвонидан ташқари муҳаддис, ҳофиз, зоҳид, имом, муаззин, саййид, хожа, ориф, шайх, вали сингари улуғвор нисбатлар билан ҳам сийланган. Бу ҳам алломанинг илм-фан оламида ғоят етук мутафаккир даражасига эришганлигини кўрсатади.Саёҳат давомида мутахассислар томонидан буюк олим тўғрисида ана шундай маълумотлар хусусида ўқувчи ёшларга тушунтиришлар бериб ўтилди.

Сурхон1

   Ўрол Шерхонов, Халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгаши депутати:

-    Саёҳат кўзланган асосий мақсад — вояга етмаганлар қалбида ватанпарварлик туйғусини ва ота-онага меҳр-муҳаббатини шакллантириш бўлиб, Ўзбекистондаги тарихий шаҳарларга экскурсиялар уюштирилиши орқали уларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилди.Саёҳат давомида вояга етмаганлар тарихий обидалар, улуғ алломалар номлари билан боғлиқ муқаддас зиёратгоҳлар, Султон Саодат, Кокилдор ота хонақоҳи, ҳамда Термиз Археология музейига ташриф буюриб зиёрат қилдилар. Болалар мажмуалардаги музей ҳамда қадим битиклар билан ҳам танишдилар.Бундай тадбирларни янада давом эттириш йил давомида кўплаб ўтказилиши, жумладан Бухоро, Хива ва Самарқанд шаҳарларига ҳам саёҳатлар ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу каби тадбирларни ўтказилиши ёшлар маънавияти ва салоҳиятини ривожлантириш ҳамда ёзги таътил вақтларини мароқли ўтказишларида муҳим аҳамият касб этади

Саёҳат давомида тарихий обидалар ёнида эсдалик учун фотосуратлар туширилди.

Бир сўз билан айтганда бугунги кун ёшларимиз қалбида ажойиб хотиралар, ўтганлар хотирасини доимо ёд этиш, тарихда дунёни ларзага солган буюк бобокалонларимиз руҳларига доимо таъзим қилиш руҳияти билан шаклланди.

Саёҳат сўнггида ўқувчи ёшлар томонидан мазкур тадбирни ташкил этган депутатимизга чуқур миннатдорчилик билдирилди.

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+