Депутат туфайли кўчаларга сув тошмайдиган бўлди

14.06.2021 18:06:51

Бугунги депутат кечаги депутат эмас. У бугун ўз ваколатлари доирасида жамиятнинг фаол сиёсий қатламини ташкил этмоқда. Мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар самараси ўлароқ депутатларнинг демократик принцип асосидаги фаолияти қўллаб-қувватланмоқда.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари ушбу имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда халқ хизматчиси деган шарафли номни оқлаш саъй-ҳаракатида.

Жумладан, депутат Луиза Ҳикматова ўз фаолияти давомида жуда кўп хайрли тадбирларни амалга ошириб келаётган депутатлардан. Олмазор туман ҳокимлигига киритган депутатлик сўрови натижасида жорий йил бюджет маблағлари ҳисобидан тумандаги 133 умутаълим мактабнинг спорт майдончаси учун ажратилган ерига замонавий спорт майдончаси барпо этилиши учун ҳаракатларни бошлаб юборган. Шунингдек, мактаб ҳудудида 636 кв.м узунликдаги девор панжараларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Л.Ҳикматова ташаббуси билан 233, 185 мактабларда ҳам ўқитувчиларга қулай шарт-шароит яратиб бериш, замонавий ўқитувчилар хоналари ташкил этилмоқда.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларининг ҳар бирига турли ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун ажратилаётган 2 миллирад сўм маблағ хисобидан Луиза Ҳикматова мурожаатларига кўра “Хончарбоғ”, “Мискин” маҳаллаларидаги ички йўлларни таъмирлатдирди. Бу бўйича тегишли сессия қарори чиқарилишига ҳам эришилган. Депутатнинг яна бир хайрли ишлари самараси ўлароқ жорий йилнинг 3 март куни шаҳар 4-сон туғуруқ комплекси бош шифокори мурожаатига асосан, Миробод туманидаги эски туғуруқхона таъмирланиши Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 40 сессияси муҳокамасига қўйилиб, тегишли қарор чиқарилди.

Депутат Ташпўлат Матибаев эса Миробод туманидаги Қизил арват кўчасини қайтадан асфальтлаб, канализация қувурларини янгилатдирди. Таъкидлаш керакки, авваллари ушбу кўчада сув тошиб кетарди. Ерли аҳоли вакиллари бундан жуда кўп азият чеккан. Бугунга келиб депутат ташаббуси мазкур муаммони ҳал этиб, одамлар мушкулини осон қилди.

Шунингдек, депутат Т.Матибаев Миробод туманидаги ўрганишлари давомида 64 ва 448 МТТларни капитал таъмирлаш, мурожаатларига кўра, Миробод туман СЭС ҳамда туман Ветеринария бўлимини жорий таъмирлаш ишларига ҳам бошчилик қилмоқда.

Депутат Ботир Даминов Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабаларидан иборат волонтёрлар гуруҳи ташкил этиб ҳар хафта ўз округида жойлашган маҳаллалар муаммоларини бартараф этишга куч сарфламоқда. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Нодира Каримова бўлса давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиб Тошкент шаҳри бўйлаб “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” билан боғлиқ масалалалар ечимига кўмаклашмоқда. Бу бўйича аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ҳамда тарғибот ишларини олиб бормоқда. Депутат Дилором Тошмуҳаммедова Чилонзор туманидаги кўплаб таъмирга муҳтож, моддий-техник базаси етарли бўлмаган мактаб ҳамда боғчаларни замонавий реконстуркция қилдиришни ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун ажратилаётган 2 миллирад сўм маблағ ҳисобидан амалга оширишни режалаштириб олган.

Сергели туманидаги кўплаб муаммолар депутат Собир Турсунов туфайли эътибордан четда қолмаяпти. Тумандаги 589, 593, 598 МТТлар, 301 ҳамда 302 боғчалар депутатнинг тегишли жойларга ва мутасаддиларга мурожаатидан сўнг капитал таъмирлашга туширилмоқда. Шунингдек, “Ўзгариш” маҳалласида болалар учун ўйингоҳлар, спорт майдончалари йўқлиги инобатга олиниб, депутат ушбу масалани ҳам ўз назоратига олган.

Депутатлик гуруҳи ўз фаолияти давомида жойлардаги кўплаб масалаларга ечим топиш юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб олган. Бу бўйича жорий йил бошидан бери 20 та масала Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши сессияси кун тартибига киритилиб, тегишли қарорлар чиқарилишига эришилган. Ушбу масалалар ичида қурилиш, ичимлик суви муаммолари, суд-ҳуқуқ соҳасидаги тартибга солиниши керак бўлган масалалар шулар жумласига киради.

Таъкидлаш керакки, депутатлар ичида фидойи, ўз ишига виждонан ёндашадиганлари кўп. Бироқ берилган имкониятдан оқилона фойдаланган ҳолда бурч ва масъулиятни ҳеч бир депутат унутмаслиги лозим. Шундагина сайловчилар сиздан рози бўлади.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП 

Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+