Депутат ва сектор ҳамкорлиги аҳоли фаровонлигини яхшилашга хизмат қилмоқда

19.06.2024 18:06:50

Бугунги кунда аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилаш барча масъулларнинг зиммасидаги долзарб вазифадир. Бу борада эҳтиёжманд оилаларнинг муаммоларини ўрганиш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларни доимий даромад манбаига эга бўлишига эришиш шаҳар ва туманлар секторлари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолиятида устуворлик касб этмоқда.

Халқ депутатлари Сўх туман Кенгаши депутати Амирали Сафаров ташаббуси билан иккинчи сектор штабининг ишчи гуруҳи аъзолари билан биргаликда Сўх педагогика коллежида ўтказилган учрашув ҳам айни шу эзгу мақсадларга қаратилди.

Учрашув давомида фуқаролар томонидан маҳалладаги мавжуд муаммолар, айниқса, эскирган электр энергияси симларини замонавий кабелларга алмаштириш, асфальт ётқизилмаган кўчаларни асфальтлаштириш, имтиёзли равишда даволанишга муҳтож фуқароларга кўмак бериш, фарзандини болалар боғчасига жойлаштириш, ногиронликни белгилаш борасидаги муаммолар кўтарилди. Мутасадди идораларнинг раҳбарлари иштирокидаги учрашувда 2 нафар болажонлар мактабгача таълим ташкилотига жойлаштирилди, 1 нафар фуқарога эса, шифохонада даволаниши учун бепул йўлланма масаласи ҳал этилди.

Шундан сўнг инсоният бошига турли балоларни солиб, оилалар ва жамиятни таназзулга олиб борадиган иллатлардан бири «Гиёҳвандлик –аср вабоси» мавзусида суҳбат ўтказилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мутасаддилари томонидан иштирокчиларни гиёҳвандлик оқибатида минглаб норасида гўдаклар майиб- мажруҳ туғилаётганлиги, оилаларда ажрашишлар кўпайиб, дунё миқёсида миллионлаб одамлар ҳаётдан бевақт вафот этаётганлиги тўғрисидаги маълумотлар билан таништирилиб, уларнинг огоҳлиги оширилди.

Суҳбат давомида фуқароларнинг бир қатор таклиф ва истаклари тингланиб, ҳал этиш чоралари белгиланди.

Гулчеҳра Аҳмедова
«Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+