Депутатда даҳлсизлик бор

30.08.2021 15:08:19

 

Шу кунларда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани кенгаши депутати Феруза Бабашева ҳамда Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Туляганов ва ИИБ ходимлари ўртасида содир бўлган жанжал ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Ҳар икки депутат туман марказида ўтказилаётган байрам тадбирига болалар ва маҳаллий аҳоли вакилларини киритилмаганига аралашгани сабабли бу зиддаят келиб чиққани маълум бўлди.

“Бизни киришимизга қаршилик қилишмади, лекин болаларга йўл йўқ! Сабабини сўраганимда, одам кўп саҳна синиб кетиши мумкин, деган важ кўрсатишди. Мен ўзим тартибга солиб тураман, деб уларни киритдим. Бир болали аёлни ИИБ ходимлари ушлаб олиб қайтаришди, буни кўрган депутат Жахонгир Туляганов уларнинг қилаётган иши нотўғрилигини айтди”– дейди Ўрта Чирчиқ тумани депутати Феруза Бабашева, ўзининг Telegram каналида ИИБ ходимлари билан бўлган жанжал сабабини маълум қилиб.

“Воқеалар ривожига кўра, бу пайт ИИБ ходимларининг ўша ерда турган “катта”ларидан бири Жаҳонгирни машинага тиқларинг, бўлимда гаплашамиз бу билан, деган буйруқни берди. ИИБ ходимлари эса, буйруқни сўзсиз бажариб Жаҳонгирни судрай бошлашди. Табиийки, мен туманимизга келган меҳмон депутатнинг ёнини олдим ва ноқонуний хатти-ҳаракатлари, депутатлик мақоми тўғрисида тушунтира бошладим, – деб ёзди Ф.Бабашева. - Аслида бу каби ҳолатлар тез-тез такрорланиб туради. Катта байрамларда нафақат депутат, “пашша” ҳам учиб ўтмасин, деган топшириқни олганлар ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришлари одатий ҳол, бунга журналист сифатида шундай катта тадбирларда жуда кўп иштирок этиб, амин бўлганман”.

Ички Ишлар вазирлиги матбуот хизмати томонидан эса тезликда бу ҳолатга муносабат билдирилиб, Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси томонидан вазият тўлиқ ўрганилган ҳамда воқеа иштирокчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тўпланган материаллар прокуратура органларига юборилгани маълум қилиниб, ҳурматли депутатларимиздан жамоат тадбирларида белгиланган тартиб қоидаларга тўлиқ риоя этишларини ҳамда хизмат вазифасини олиб бораётган ички ишлар органлари ходимларига бўйсунмасликни тарғиб қилиш амалиётидан воз кечишларини сўраймиз, деган иддао ҳам ёзилди.

Шу ўринда иккита нарсани таъкидлаб ўтмоқчи эдим. “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 1-моддасида тегишли халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашига  сайланган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ тегишинча вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси депутат ҳисобланади, дея ёзиб қўйилган. Ва,  мазкур қонунга кўра (11-модда. Депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқи) депутат ўзининг ваколатлари муддати мобайнида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади. Тегишли халқ депутатлари Кенгашининг розилигисиз депутат мазкур ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

Буни ички ишлар идоралари ва шу каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг “каттаконлари” жуда яхши билишади. Ана шу “зарур билимлар”ни тизимдаги ходимларга “замполит” дея аталувчи лавозим эгалари тушунтириб қўйса, бу каби жанжаллар бўлмасди.

Зеро депутатлар даҳлсизлиги тегишли қонунлар билан ҳимоя қилинар экан, унга амалга ошираётган фаолияти туфайли бирор бир шаклда даҳл қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Ўз навбатида мавжуд қонунчиликка тўла риоя этган ҳолда, берилган ваколатлар доирасида хизмат вазифасини амалга ошираётган ҳар бир депутатимизни нафақат кўп минг кишилик сайловчилари, балки депутатликка номзодини илгари сурган сиёсий партиялар ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

 

Дониёр  ЮСУПОВ,

Халқ депутатлари Қибрай тумани  Кенгаши депутати

 

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+