Депутатдек таълим ҳомийлари кўпаяверсин

20.06.2024 13:06:24

Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш-авлодни руҳан, жисмонан, маънан комил инсон бўлиб камол топиши, халққа ва ватанга садоқатли фарзанд бўлиб етишиши йўлида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгашидаги «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи раҳбари, шаҳар Кенгаши депутати Мўйсинжон Меҳмонов 25-умумий ўрта таълим мактаби педагоглар жамоаси, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан доимо мулоқотда бўлар экан, таълим сифатини ошириш учун катта эътибор қаратади. Мана шу эътибор ва ҳамфикрлик ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

Ҳукуматимиз томонидан педагогларни мавқейини оширишга қаратилган ислоҳотлардан хурсандмиз,- деди мактаб директори Шоира Абдужалилова.- Бу борда «Адолат» СДПнинг Сайловолди дастурида илгари сурилган ташаббуслар ҳаётимизга янгича нур бағишлагани барчага маълум. Бугунги кунда мактабимизда 382 нафар ўқувчилар билим олмоқдалар.

2024 йил мактаб жамоаси учун омадли келди. Йил бошида мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари ментал арифметика бўйича Бухоро вилоятида ўтказилган Фузулий номидаги республика очиқ чемпионатида иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб қайтдилар. Фан олимпиадаларида ҳам яхши натижаларга эришишга муваффақ бўлдилар.

Жорий ўқув йилида мактабни 27 нафар ўқувчилар тамомлаб, мустақил ҳаёт остонасига қадам қўймоқдалар. 5 нафар ўқувчилар инглиз тилини ўзлаштириш даражалари юқори баҳоланди. Қувонарлиси, аксарият битирувчиларимиз олий таълим даргоҳларида ўқишни давом эттириш истагидалар.

Халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгаши депутати Мўйсинжон Меҳмонов нафақат ёшларни, балки педагогларни ҳам доимо қўллаб-қувватлаши, рағбатлантириб бориши жамоанинг ютуқлар салмоғини ортишига замин яратмоқда. Йил якунлари таҳлилига кўра, таълим сифатини оширишга қўшган ҳиссаси учун 31 нафар педагоглар депутат томонидан моддий рағбатлантирилди.

Таълим ҳомийлари кўпайса ёшларнинг натижадорлиги янада ортиб бораверади. Энг муҳими, Янги Ўзбекистоннинг янги тараққиёт бунёдкори бўлган ёшларни қўллаб-қувватланиши, рағбатлантирилиши бугунгиданда юксак зафарларни қўлга киритишга замин яратади.

Дилобар Мирзаева
«Адолат» СДП
Қувасой шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+