Депутатимиз яна маҳалла раислигига сайланди

25.05.2022 09:05:02

Эркинжон Бориев – халқ депутатлари Тўрақўрғон туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси. У айни пайтда “Қатағон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳисобланади. Ҳар икки вазифани бажаришда меҳнатсеварлиги ва фаоллиги, халқ иши учун жонкуярлиги билан ажралиб туради. Шу туфайли аҳоли ўртасида катта обрў-эътибор қозонган.

Бу, яқинда бўлиб ўтган маҳалла раиси (оқсоқоли) сайловида яна бир бор кўзга ташланди. Депутатимиз МФЙ раислигига номзод сифатида келгуси уч йилда олиб боришни режалаштирган ишлари дастурини тақдим этди. Ҳамқишлоқлар уни маъқуллаб ва ишонч билдирган ҳолда кутиб олишди. Албатта, бунга ўтган даврда амалга оширган ишлари ҳам сабаб бўлди. Маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, ободончиликни кенг йўлга қўйиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган тадбирларнинг самараси яққол кўзга ташланмоқда.

 - Маҳалла қадимдан одамларни бирлаштирган, ҳамжиҳатликда яшашга, ҳаётий муаммоларни биргалашиб ҳал этишга кўмаклашиб келган, - дейди меҳнат фахрийси Қудратилла ака Нажмиддинов. – Бунда раиснинг роли катта. Агар у сиёсий жиҳатдан етук, билимли ва ғайратли, адолатли ҳамда ташаббускор бўлса, ҳаммага маъқул тушади. Эркинжон худди шундай инсон эканлиги учун халқ вакиллари унга ишонч билдирдилар ва  яна маҳалла раиси этиб сайладилар.

Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг  "Фуқаролар йиғини раиси  сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш  тўғрисида"ги 2022 йил 16 мартдаги  қарори асосида шу кунларда   барча ҳудудларда муҳим сиёсий жараён давом этмоқда.  Унда “Адолат” СДП вакиллари  фаол иштирок этмоқдалар.  Наманган вилоятида ҳам фуқаролар йиғини раиси сайловлари  16 майда бошланган эди. 31 майга қадар давом этадиган бу кампанияда аҳоли ўзи муносиб кўрган номзодга овоз бериш орқали маҳалла фуқаролар йиғини раисини сайламоқда.

 Маълумотларга қараганда, мазкур сайловда 219 891 нафар фуқаро иштирок этади. Жами 782 та МФЙ раиси (оқсоқоли) сайланади.

                                                                           Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши          

  матбуот котиби.                                                    

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+