Депутатлар - халқ ишончи йўлида

09.06.2021 15:06:23

Бугун замон шиддат билан ривожланиб, ҳар қадамда ободонлаштириш, ҳар жабҳада тараққий этиш, ҳар соҳада ўсиш кузатилмоқда. Бу ўз-ўзидан барчани фаол ва замон билан ҳамнафас бўлишга ундайди, шу жумладан, сиёсий партия фаолларини ҳам. Бугун депутатнинг “ухлаб” ётадиган даври ўтди.

Депутатларимиз фаолиятидан халқ рози бўлиши лозимлиги, эндиликда улардан фаоллашув ва дадиллик талаб қилинаётгани ҳеч биримизга сир эмас.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашига сайланган депутатлар ҳам бугунги куннинг тобора ўткирлашиб бораётган талабига мос равишда  нафақат ўз-ўзини бошқаришни, балки, фуқароларга давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг жойларда амалга оширилишини таъминлашда ҳам фаоллик кўрсатишмоқда.

Партиямиз дастурий ғоялари, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, бошқарув идоралари олдига долзарб масалаларни қўйиш, юзага келган муаммоларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш доимий комиссиялари ва сессиялари кун тартибига киритиш ва ижобий ҳал этиш маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар ва депутатлик гуруҳларининг фаоллигига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Хусусан, партиянинг вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Нурзода Каримова ташаббуси билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссияларига 15 та, вилоят Кенгаши сессиясига 1 та масала киритилди. Бундан ташқари бугунги кунда вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи томонидан 4 та масала навбатдаги сессияда муҳокамасида кўриб чиқиш учун тақдим этилган. Ушбу масалалар юзасидан доимий комиссия ва сессиянинг тегишли қарорлари қабул қилиниб, ижроси юзасидан самарали депутатлик назорати ўрнатилди.

Қолаверса партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида депутатлар томонидан фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди. Мулоқот давомида халқ депутатлари вилоят Кенгаш депутатларига жорий йилнинг ўтган даври давомида 58 нафар фуқаролардан турли хил мазмундаги мурожаатлар келиб тушган бўлса, уларнинг 40 таси юзасидан турли мутасадди ташкилотларга ўз позициясини баён этиш талаби билан депутатлик сўровлари юборилди. Ушбу юборилган депутатлик сўровларининг 31 таси ижобий ҳал этилиб, қолган 9 та сўровни ҳал этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Хусусан, Жиззах шаҳридаги “Тоқчилик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи  аҳоли томонидан тоза ичимлик суви таъминоти яхши эмаслиги боис аҳоли ичимлик сувини жуда узоқ масофадан ташиб келтиришга мажбур бўлаётганликлари, бу эса кексалар, ёш болали оналар, бемор ва қаровчиси йўқ хонадонлар учун қийинчиликлар туғдираётгани юзасидан мурожаат қилинди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Нурзода Каримова ташаббуси билан 10 кун муддатда 15 дан ортиқ хонадон ичимлик суви билан таъминланди. Ҳар бир хонадоннинг уйи олдида сув жўмраклари ўрнатилиб, уларнинг оғири енгил қилинди.

Бахмал туманида яшовчи кам таъминланган ҳамда ногиронлиги бўлган фуқаролар томонидан ногиронлик аравачасини олиш ва моддий ёрдам ажратиш юзасидан мурожаатлар келиб тушган эди. Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати Абдумажид Сатторов томонидан мазкур масалаларга эътибор қаратган ҳолда тумандаги ногиронлиги бўлган ҳамда кам таъминланган 23 нафар фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари, кўрпа-тўшак жилдларидан иборат совғалар топширилди. Шунингдек, Бахмал туманидаги “Қутлуғобод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони Туронбоева Норбувига ногиронлар аравачаси берилган бўлса
2 нафар фуқарога эшитиш мосламалари берилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида депутатларнинг ҳудудларда ўтказилган сайёр қабуллари жараёнида Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан вилоятдаги ижтимоий ёрдамга муҳтож 120 оила ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди, 96 нафар кам таъминланган фуқароларга турмуш шароитини яхшилаш ва соғликларини тиклаш учун моддий ёрдам кўрсатилди.

Бугунги кунда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш долзарб вазифадир. Бу борада 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан партиянинг
“Бир ойда – бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 60 га яқин ишсиз ёшлар давлат ва хўжалик соҳаларининг турли йўналишларига ишга жойлаштирилди.

Дарҳақиқат, халқнинг ишончли вакили бўлишнинг ҳам ўзига хос масъулиятлари ва мажбуриятлари бор. Уларни виждонан бажарган депутатларгина халқ эъзозига ва ҳурматига сазовор бўлишади. Бу эса сиёсий партия илгари сураётган ғояларга кенг жамоатчиликда хайрихоҳликни ошириш ва ҳаётга татбиқ этиш кўп жиҳатдан партиянинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари зиммасига катта масъулият юклайди ҳамда ўз фаолиятларининг самарадорлиги ортишида катта хизмат қилади.

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+