Депутатлар халқ ёнида

23.08.2022 09:08:37

Юртдошларимизнинг муаммоларини тинглаш ва ижобий ечим топиш, бугунидан рози бўлиб эртанги кунга юксак ишонч билан қадам қўйишлари йўлида барча даражадаги раҳбарлар масъул эканлиги бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан қайта-қайта таъкидланмоқда. Шу муносабат билан юртимиздаги барча ташкилот ҳамда мутасаддиларга кенг имкониятлар берилмоқда.

Дарҳақиқат, кейинги даврларда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бера бошлади.

Маълумки, бугунги кунда депутатларга қўшимча вазифа, масъулият ва имкониятлар тақдим этилмоқда. Ўз навбатида, депутатлар Ҳукумат кўтараётган, халқни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда янада фаол бўлишлари ва зиммаларидаги масъулиятни чуқур ҳис этишлари лозим. Халқни ташвишга солаётган муаммоларни турли даражадаги раҳбарларга олиб чиқа билиш депутатдан билим, тажриба ҳамда нотиқлик қобилиятини талаб этади. Бу биринчи навбатда маҳаллий Кенгашларнинг фаолият самарадорлигини бугунги замон талаблари даражасида ташкил этиш ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб олишдан иборат.

Бу борада депутатлар қандай ишларни амалга оширмоқда деган саволга жавоб излаб Халқ депутатлари Ургут туман Кенгашига Ўзбекистон «Адолат» СДПдан сайланган депутатлари фаолияти билан яқиндан танишдик.

Ўзбекистон «Адолат» СДПдан Ургут туман Кенгашига сайланган 4 нафар депутатлар Умид Облобердиев, Сурайё Аҳмедова, Азиз Ашрапов, Шариф Хамдамовлар халқ дардига даво бўлмоқда.

Жумладан, депутат Шариф Ҳамдамовни сайлов округида каттаю-кичик яхши танийди, мулоҳазали, тажрибали инсон сифатида билиб маслаҳат сўраб келгувчилар ҳам талайгина. Сайлов округи ҳудудидаги маҳаллаларда қўни-қўшни, оилавий ёки бирор келишмовчилик вазиятлар, ҳолатлар бўлса ўзининг вазминлиги, вазиятга моҳирона ёндашиш характери сабабли Ш.Ҳамдамовга маслаҳат соладилар. Албатта, бу борада депутат ўзининг ташаббускорлиги, ҳозиржавоблигини ишга солиб ижобий ечим топишга киришади. Шу сабабли ҳам депутат қай бир ишга ташаббус кўрсатса сайловчилари ҳамиша қўллаб-қувватлайди. Ҳамжиҳатликда гап кўп деганларидек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳам анча хайрли ишларга қўл ўрилди. Хусусан, Хўжайидуқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган қабристонида ободонлаштириш ишларини олиб борилиб, атрофи кўркамлаштирилди, Ширвоқ ота маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, С.Очиловнинг мурожаати асосида кам таъминланганлигини эътиборга олиб ҳомийларни жалб этган ҳолда ҳашар йўли билан фуқаронинг уйини таъмирлаб берилишга эришилди. Яшил макон лойиҳаси доирасида эса депутат ҳомийлигида 70 дан ортиқ хонадонга мевали ва манзарали кўчатлар тарқатилди. Партия сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш йўлида изланишда бўлган депутат томонидан юқорида номи тилга олинган иккита маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи 17 нафар ёшлар, хотин-қизларга имтиёзли кредит олиб тадбиркорлигини бошлашга кўмаклашди.

Депутат Азиз Ашрапов сайлов округидаги ҳар бир хонадонга ташриф буюриб, уларнинг яшаш шароитлари билан танишиб, мурожаатларини тинглашда ҳамиша фаол. Сайлов округидаги нечта кам таъминланган оила бор, нечта ёшлар, қанча хотин-қизлар, уларнинг нечтасини бандлигини таъминлаш лозимлиги хусусида маълумотларга эга депутат Азиз Ашрапов ҳамиша кўмакка тайёр. Ташкилотлар, тадбиркорлар билан келишган ҳолда ишсиз аҳолини бандлигини таъминлашга кўмаклашиб келмоқда. Партиянинг «Бир ойда бир иш ўрни» лойиҳаси доирасида 7 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлашга эришди. Яшил макон лойиҳаси доирасида Боғишамол, Чорраҳа маҳалла фуқаролари йиғинлари ҳудудида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишларига ҳисса қўшган бўлса, Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали атрофини кўкаламзорлаштириш учун 200 дан ортиқ манзарали, 800 га яқин мевали кўчатлар ўтқазишга бош-қош бўлди.

Хотин-қизларнинг қонуний манфаатлари рўёби йўлида ҳамиша изланишда бўлган ишбилармон, узоқни кўра биладиган депутат Сурайё Аҳмедова ҳар бир аёлни ўзининг опаси, синглиси мисолида кўриб, унга кўмак беришга, тадбиркорлик соҳасидами, ёки бошқа соҳада иш бошламоқчи бўлса қўлидан келгунча ёрдамлашишга тайёр.

Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиш чоғимизда хотин-қизлар томонидан бандлик масаласида кўплаб мурожаатлар бўлади. Мутасадди ташкилотлар билан келишган ҳолда уларнинг бандлигини таъминлашга оз бўлсада ўз ҳиссамизни қўшамиз. Баъзан ўзида қизиқиши бўлганларига ўзимиз тадбиркорликни йўлга қўйиш борасида маслаҳатимизни бериб, кўмакчи бўламиз. Ургут халқи азалдан меҳнаткаш аҳоли бўлгани учун ҳам тадбиркорликни тезда йўлга қўйиб олиб атрофда яна 4-5 кишини бандлигини таъминлашга ҳисса қўшаётганлар ҳам талайгина. Бундан ташқари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ҳам биз аёллар учун жуда катта имконият эшикларини очди десам янглишмайман. Гапим қуруқ бўлмаслиги учун мисол келтирсам, яқинда ҳузуримга 35 ёшлардаги аёл келиб ишлай десам уйдагиларим рухсат бермайди, аммо ўзим ишлашни истайман маслаҳат беринг деб келди. Аёлнинг оиласи билан келишган ҳолда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш марказида аёллар сартарошлиги курсига ўқийдиган бўлди. Бугунги кунда ушбу аёл ўз уйидан чиқмаган ҳолда ҳам ўзи қизиққан касб билан машғул бўляпти, ҳам оиласига оз бўлсада моддий томондан кўмаклашяпти. - дейди С.Аҳмедова ўз сўзида.

Умида Облобердиев ўзи тиббиёт соҳаси вакили бўлганлиги сабабли ҳам сайлов округида учрашувлари чоғида соғлом турмуш тарзи тарғиботига катта эътибор қаратади. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида депутат ташаббуси билан 5 маротаба тиббий кўрик ташкил этилди. Бундан ташқари хонадонма-хонадан мулоқот ўтказилган пайтларда сайлов округи ҳудудидаги кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган хонадонларда бўлиб уларнинг мурожаатларини тинглаш билан бирга саломатлигига ҳам бефарқ бўлмайди.

Албатта, юқорида келтирилган мисоллар депутатлар томонидан амалга оширилаётган ишлар билан сиз азизларни батафсил таништиришга етарли бўлмайди, «Инсон қадри учун» тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кичик бир бўлаги бўлади. Қувонарли жиҳати бугун депутатларнинг хонадонма-хонадон юриб аҳолини қийнаётган муаммоларини тинглаб, тегишли мутасаддилар билан биргаликда амалий ёрдам кўрсатаётганлиги «Халқ давлат учун эмас, давлат халқ учун хизмат қилади» тамойилининг ҳар жабҳада ишлаётганлигининг ёрқин мисоли бўла олади.

Депутатларнинг келгуси ишларида фаоллик тилаймиз.

Муҳиба Бобобекова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+