Депутатлар шифокорларни тажовузлардан ҳимоя қилувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди

05.10.2019 16:10:55

Парламент қуйи палатасининг икки нафар депутати, “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари Қодир Жўраев ва Шуҳрат Якубов томонидан ўз хизмат вазифаларини олиб бораётган тиббиёт ходимларига нисбатан қилинаётган ҳар қандай тажовузлардан уларни қонуний асосларда ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси тайёрланди.

Қонун лойиҳасида ўз хизмат вазифасини олиб бораётган тиббиёт ходимларига тажовуз қилган шахсларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтиришга қаратилган нормалар акс этган.

Депутатлар қонун лойиҳасининг киритилишини қуйидагилар билан асосламоқдалар. Яъни, Ички ишлар, Мажбурий ижро бюроси ёки бошқа давлат ҳокимияти органлари ходимларига тажовуз қилган шахс жавобгарликка тортилганида унга нисбатан оғирроқ жазо чоралари қўлланилишига сабаб бўлмоқда. Ўз хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига тажовуз қилган шахсларга эса, енгилроқ жазо чоралари қўлланилмоқда.

Масалан, ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширгани учун Яккабоғ туман ҳокимининг ўринбосарига жазовуз қилган шахсга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлса, ўз хизмат вазифасини бажараётган тиббиёт ходимига худди шундай тажовуз қилган шахсга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва унга 1 йиллик синов муддати берилганига нима дейсиз?

Бу ижтимоий адолат мезонларига мос келмаслиги барчамизни таажжубга солади.

Ҳақиқатдан ҳам, инсонлар соғлигини ва ҳаётини сақлашдек оғир, ўта масъулиятли ишга бел боғлаб, ҳатто ярим тунлари ҳам ҳаловатидан кечиб, тиббий ёрдам кўрсатишга шайланган фидойи касб эгаларига нисбатан бундай тажовузкорона муносабатда бўлиниши, биринчи навбатда, бизнинг ҳуқуқий демократик давлатимиз принципларига мутлақо мос келмайди. Иккинчидан, бу каби хунук ҳолатлар туфайли, айниқса, тез тиббий ёрдам тизимида кадрларнинг ишдан кўнгли совишига, соҳага қизиқишининг сўнишига олиб келмоқда. Ахир беморларга тиббий хизмат кўрсатиб, “эвазига” калтакланса, пичоқланса, тажовужга учраса, умуман, ҳаётига хавф туғилса, ким ҳам шифокор бўлиб ишлагиси келади?

Мана бу рақамга эътибор беринг: 2018 йил давомида тиббиёт ходимларининг соғлиғи ва ҳаётига қарши қаратилган 400 га яқин ҳуқуқбузарликлар содир этилган!

Бундай ҳолатларнинг кўпайиши оқибатида ёшларнинг мазкур шарафли касбга бўлган қизиқишларининг кескин камайишига сабаб бўлиб, соғлиқни сақалаш тизимида кадрлар танқислиги муаммоси келиб чиқмоқда.

Саломатлигимиз посбонларига нисбатан тобора кўпайиб бораётган бундай зўравонлик ҳолатларига бефарқ қараб бўлмайди.

Бугун ушбу масала парламент депутатлари эътиборида эканлигини ижобий ҳол деса бўлади. Масала Қонунчилик палатасининг мазкур ташаббусини қўллаб-қувватлашда қолди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+