Депутатларимиз фаолиятидан сайловчилар мамнун бўлмоқда

26.10.2022 15:10:50

Аҳоли муаммоларини ҳал этиш, уларнинг оғирини енгил ва мушкулини осон қилишда партиянинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатларининг ўрни ва роли беқиёс бўлмоқда. Энг асосийси бу борадаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини ҳар бир сайловчи теран англаб етмоқда десак муболаға бўлмайди.

Айниқса, Навоий вилояти Хатирчи тумани «44-Сарой» сайлов округидан халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаш депутати этиб сайланган Нилуфар Иргашеванинг депутатлик фаолиятидан сайловчилар мамнун. Сайлов округи ҳудудида «Найман», «Зарбдор», «Чангир», «Қуччи», «Қорача»,«Сарой», «Олтинсой» МФЙ жойлашган бўлиб, 16 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Ҳудуд асосан даштли зонада мураккаб географик жойлашувга эга бўлиб, турли ижтимоий инфратузилмавий муаммолар мавжуд. Жумладан, ички йўлларнинг ҳолати талабга жавоб бермайди. Жорий йилнинг ўтган даврида депутатнинг сайловчилар билан 34та маротаба учрашувлар ўтказилди. Унда ҳудуд фуқароларидан жами 66 та мурожаат келиб тушди.

Мурожаатларда кўтарилган муаммолар имкон даражада тумандаги мутасаддилари билан ечиб келинмоқда.

Жумладан, «Қуччи» МФЙга қарашли Гулкент қишлоғининг чекка ҳудудларига ҳомийлик ва аҳолининг ташаббуси билан биргаликда ички йўлларнинг 1 кмдан ортиқ қисмига шағал ёткизилди. Шунингдек, «Олтинсой» МФЙга қарашли Хонақо, Буркут қишлоқларида жойлашган 48-,78,76 мактабларнинг географик жойлашуви келиб чиқишидан ичимлик суви танқислиги туфайли мактабларда ичимлик суви сақлаш учун катта ҳажмли махсус идишлар ташкил этилди. Туман молия бўлими билан ҳамкорликда ҳудудда жойлашган 6 та умумтаълим мактабларининг барчаси интернет тизимига уланди.

Бундан ташқари асли касби шифокор бўлган депутатимиз Нилуфар Иргашева ночор фуқароларнинг бепул даволанишлари ва соғлом ҳаётга қайтишлари йўлида амалга оширилаётган фаолияти таҳсинга лойиқ.

Хусусан, «Найман «МФЙда яшовчи, 1987 йилда туғилган эҳтиёжманд фуқаро Зуҳра Сиддиқованинг соғлиғини тиклаш юзасидан депутатга қилган мурожаати юзасидан Хатирчи туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда беморнинг қорин соҳаси катта киндик чуррасини бартараф этиш ва пластика амалиёти имтиёзли ордер асосида ўтказиб берилиб, бемор соғломлаштирилди.

Шунингдек, ушбу маҳаллада яшовчи эҳтиёжманд фуқаро Ислом Бобоқулов фарзанди Нафиса Бобоқуловани аденоиднинг 3 даражаси туфайли амалиёт ўтказишда амалий ёрдам сўраган. Хатирчи туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда Навоий вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида амалиёт бепул ўтказилиб, соғломлаштирилди.

Туманнинг «Сарой» МФЙда яшовчи 2 гуруҳ ногирони Умида Раҳимова санатор даволанишни сўраб мурожаат этган. Хатирчи туман ижтимоий бўлими билан биргаликда фуқаро санатор даволанишга юборилди.

- Сайловчилар муаммоларини ўз вақтида тезкорлик билан ҳал этиш бир мунча вақт ва ҳафсала талаб этади. Бу вақт давомида шу муаммо билан яшашга тўғри келади. Битта депутатлик сўрови ёки дегандан муаммо бартараф этилиб қолмайди. Депутат эса қилган иши ёки депутатлик фаолиятидан на ойлик олади на бошқа моддий манфаатдорлиги йўқ. Депутатлик том маънода фидойиликни талаб этади. Қувонарлиси, бир оила ёки фуқарони бутун умр ўйлантириб, қийнаб келган муаммосини ҳал этганимизда уларнинг кўзларидаги қувонч ва мамнунлик ҳиссини кўриш барча чарчоқ ва ғам андуҳларни йўқотади. Умуман олганда ҳар бир фуқарони ҳаётдан давлатдан рози қилиш, ҳар бир раҳбар ва депутатнинг бош мақсадига айланиши керак, – дейди депутат Нилуфар Иргашева.

«Адолат» СДП Навоий вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+