Депутатларимиз ташаббуси қўллаб-қувватланди

20.12.2021 14:12:02

 

“Адолат” СДП Поп туман кенгаши охирги икки йил ичида ўз фаолиятини такомиллаштириш борасида қатор ютуқларга эришди. Бу ерда партиямизнинг нуфузи тобора ошиб бормоқда. Айни пайтда 3700 дан зиёд сафдошимиз фаолият кўрсатмоқда. Бу, вилоятдаги туманлар орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Аъзолик бадаллари бўйича режалар ортиғи билан уддаланмоқда. Халқ депутатлари туман кенгашидаги гуруҳ иши ҳам тобора жонланмоқда. Бошқа соҳалардаги натижалар ҳам чакки эмас.
Яқинда партиямиздан сайланган депутатлар яна бир ташаббусга қўл урдилар. Улар Попни озода ва саранжом-саришта ҳудудга айлантириш юзасидан ҳаракат бошлашга ҳаммани даъват этдилар. Бунинг учун “Адолат” СДПнинг “Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси асос қилиб олинди. Албатта, аввал бажариладиган ишлар режалаштириб олинди. Умумий раҳбарлик депутатимиз Мафтуна Маматова зиммасига тушди. Туман партия кенгаши раиси Зафаржон Ҳасанов эса фаоллар ишини мувофиқлаштириб турадиган бўлди. Мавзу бўйича саволнома тузилиб, тасдиқлангандан сўнг ишга киришилди.
– Кўпдан қуён қочиб қутулмас, деган гап тўғри экан, - таассуротлари билан ўртоқлашади М. Маматова. – Ўрганиш учун бир ҳафтага яқин вақт кетди. Кейин эса маълумотларни умумлаштирдик ва ахборот тайёрладик. У дастлаб тегишли доимий комиссияда кўриб чиқилди. Унда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида материалга яна сайқал берилди. Сўнгра сессия муҳокамасига киритишга қарор қилинди.
Депутатларга ахборотни Мафтунахон Маматованинг ўзи ўқиб эшиттирди. Туманда озодагарчилик ва атроф муҳит мусаффолигини таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар танқидий таҳлил этилганлиги барчага маъқул тушди. Нафақат маҳалла фуқаролар йиғинлари, балки мутасадди ташкилотларнинг фаолияти ҳам атрофлича ўрганилганлиги мавжуд муаммоларни аниқлашда қўл келди. Ўз-ўзидан уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилгани мақсадга мувофиқ бўлди. Музокарада қатнашганларнинг фикрлари эса сессия қабул қиладиган қарорнинг пишиқ-пухталигини ва ҳаётийлигини янада оширди.
Депутатлар қайд этганидай, тумандаги аксарият МФЙлар худудларида чиқиндилар белгиланмаган жойларга ташланмокда. Чунки улар учун етарли миқдорда контейнерлар ўрнатилмаган. Бунда маҳалла оқсоқолларининг ҳам айби бор. Қолаверса, чикиндиларни ўз вақтида олиб кетилиши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилмаган. Туман экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ҳам ўз вазифасига совуққонлик билан қараётганлиги аниқланди.
Партиядошларимиз шу каби ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда билдирган таклифлари сессия қарорида ўз ифодасини топганлиги диққатга сазовордир. Жумладан, белгиланмаган жойларга ахлат тўккан фуқароларга жарима солиш, корхона ва ташкилот раҳбарларининг ўзлари эгаллаган ва атрофларидаги ҳудудларнинг тозалиги учун масъулиятини ошириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди. Туман ободонлаштириш бошқармаси хамда “Тоза ҳудуд” МЧЖ Поп туман филиали фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ҳам тадбирлар белгиланди.
Юқоридаги масаланининг халқ депутатлари туман кенгаши сессиясида кўриб чиқилгани кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди.


Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+