Депутатларнинг эътирозига сабаб нима эди?

02.07.2021 11:07:36

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Полвонов ташаббуси билан Пастдарғом ҳамда Нуробод туманидаги электр энергияси таъминоти билан боғлиқ масалалар маҳаллий Кенгаш сессиялари кун тартибида муҳокама этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Шуҳрат Полвонов ҳамда Музаффара Абдиевалар томонидан маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамкорлигида Пастдарғом ва Нуробод туманларида аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида 2019, 2020, 2021 йилнинг 5 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилди.

Ўрганиш натижалари юзасидан жорий йилнинг 7-май санасида  Энергетика вазирлигига депутатлик сўрови билан мурожаат қилган эди. Вазирликнинг берган жавоб хати, ҳудудий электр тармоқлар корхонаси томонидан берилган маълумотда келтирилган рақамлар ва учрашувлар, ўрганишлар натижасида аниқланган маълумотлар ўртасида фарқ мавжудлиги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг эътирозига сабаб бўлди. Ушбу ўрганиш натижалари маҳаллий Кенгаш сессиялари кун тартибида муҳокама этиладиган, мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари тингланадиган бўлди.

Хусусан, Пастдарғом туманида кун тартибига киритилган масалага алоқадор туман ҳокими ўринбосарлари, маҳаллалар раислари, сиёсий партиялар, мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирокидаги навбатдаги сессияни туман Кенгаши раиси Ш.Худайбердиев олиб борди.

Сессиясида дастлаб электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Э.Мамасолиевнинг аҳолини узлуксиз электр энергия билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи юзасидан ҳисоботи тингланди.

Таъкидланишича, ўтган йили 39,6 километр масофадаги узатиш тармоқлари реконструкция қилинди. 13 та тарансформатор пунктлари янгитдан ўрнатилди. 891 та симёғочлар бетон таянчларга алмаштирилди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 119,7 километр узатиш тармоғи, 50 та трансформатор пунктлари, 3776 та бетон таянчлар ўрнатиш вазифаси белгиланди. Бундан ташқари 25 йилдан ортиқ фойдаланишда бўлган трансформаторлар 161 та, 40 йилдан ортиғи эса 213 тани ташкил этади. Худди шундай 19 мингтадан ортиқ симёғочлардан 9 минг 781 таси авария ҳолатида.

Ҳисоботда келтирилган рақамлардан кўриниб турибдики, туман аҳолисини узлуксиз электр энергия билан таъминлаш борасида ҳали ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Депутатлар мазкур масалага оид бир қатор саволларни ўртага ташлашди.

- Энергетика вазирига Пастдарғом туманида 2019–2021 йилларда истеъмолчиларни рози қилиш учун қандай ишлар амалга оширилгани тўғрисида сўров йўллаганмиз, - деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.Абдиева. – Бу борада туман Кенгаши депутатлари ҳамкорлигида жойларда амалий ишлар ижроси ўрганилди. Бизга тақдим этилган, энергетика вазирлигининг берган маълумотлар билан ҳақиқий ўрганилган далолатномаларда келтирилган рақамлар ўртасида фарқ бор. Айтайлик, 2019 йилда 917 та бетон таянч ўрнатилганлиги вазирлик маълумотида айтилса, амалда 706 та эканлиги, 2020 йилда эса икки маълумотнома ўртасидаги фарқ 109 тани ташкил этганини қандай баҳолаш мумкин? Трасформатор, тармоқларни янгилаш, мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилишга доир келтирилган маълумотларда ҳам ана шундай ошириб кўрсатиш ҳолатлари мавжуд. Давлат дастури учун тегишли миқдорда ажратилгани аниқ. Ҳақиқатда бу маблағнинг қолган қисми қаерга сарфланган?

Вилоят электр тармоқлари корхонаси бош инженери А.Ражабов ҳамда туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Э.Мамасолиевлар депутатлар томонидан берилган саволларга аниқлик киритиш, истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш юзасидан белгиланган аниқ режаларни баён қилиб, бир ой муддатда ҳақли саволларнинг амалий ижроси таъминланишига ваъда беришди.

Шу куниниг ўзида Нуробод туманида ҳам Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида электр тармоқлари корхонаси вилоят  раҳбари Ғ.Маматқулов ва ҲЭТК туман бўлими раҳбари Ж.Хамраевларнинг ҳисоботи тингланди. Сессия ишига ZООM дастури орқали Энергетика вазирлиги ҳам уланди.

Сессияда мазкур соҳада бажарилиши зарур бўлган вазифалар доирасида  маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан ҳамкорликда маҳаллалар кесимида эскирган ва таъмирталаб трансформаторлар, қўлбола ясалган, таъмирталаб симёғочларни хатловдан ўтказиш натижаси бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасининг ижросини йўлга қўйиш, 2021 йилнинг сентябрь ойига қадар дастур доирасида ўрнатилиши назарда тутилган таянч (симёғоч), электр сим ва трансформаторларни ўрнатилишини таъминлаш борасида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Қизғин музокаралар доирасида бўлиб ўтган сессия чоғида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Музаффара Абдиева ҳамда Шуҳрат Полвоновлар томонидан ўртага ташланган таклифлар, бажарилиши зарур бўлган вазифаларни кечиктирмасдан амалга ошириш юзасидан зарур чоралар белгиланди. Соҳа бўйича мавжуд муаммоларни ҳар бир маҳалла кесимида тизимли ҳал этиш чоралари кўрилишини, қарорлар ижроси таъминланиши устидан назоратни маҳаллий Кенгаш раислари ўз зиммасига олди.

 

Жамшид НОРБОБОЕВ,

Миржалол ХОЛИҚОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ижрочи котиблари

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+