Депутатлик гуруҳи ёрдами билан 10 нафар фуқаро уй-жой билан таъминланди

26.10.2022 13:10:48

Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгаши депутатлик гуруҳи фаолиятига назар солиб давлатимиз олиб бориб бораётган кўпгина ислоҳотларнинг амалий натижасини кузатамиз. Жумладан, «Адолат» СДП дан сайланган депутатлар Фарҳод Абдуллаев (туман ҳокими), Анвар Усмонов, Мирмаҳмуд Азизов ҳамда Рустам Юнусовлар ўз фаолиятлари давомида халқ учун жуда кўплаб ижобий ишларни амалга оширдилар.

Биргина Учтепа туман ҳокими бўлиб турган депутат Фарҳод Абдуллаев туманда олиб борилаётган барча эзгу ва хайрли амалларнинг бошида турибди. Нафақат туман аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, балки барча тузилма ва муҳим лойиҳаларнинг амалга оширилиш жараёнларини ташкил этиш, иқтисодиёт, фан-таълим, соғлиқни сақлаш каби муҳим соҳаларнинг бошқарувидаги масалаларни ҳал этиш ушбу ҳоким депутат зиммасига улкан масъулият юклайди. Туман аҳолиси билан тез-тез сайёр қабуллар ўтказиб, уларнинг дардига қулоқ тутиб келаётган Ф.Абдуллаев ўз ҳузур-ҳаловатидан кўра халқ манфаатларини биринчи ўринга қўяди. Жумладан, жорий йил бошида 30 нафарга яқин фуқароларни уй-жой билан таъминлаш, тадбиркорлик, ишга жойлаштириш ва моддий ёрдамлар билан таъминлашда мурожаатлардан келиб чиқиб ёрдам қўлини чўзди. 10 нафар фуқарога жойининг ўзида ёрдам кўрсатилди. Қолганлари эса қатъий назоратга олиниб, мутасаддиларга уларни бартараф этиш учун кўрсатмалар берилди. Шунингдек, йил бошининг дастлабки 25 кунида келиб тушган 251 мурожаатда уй-жой масаласида 53 та, ҳаж сафарига бориш масаласида 5 та, тадбиркорликни йўлга қўйиш масаласида 18 та, қурилиш масаласида 29 та, ишга жойлашиш масаласида 1 та, моддий ёрдам масаласида 4 та, коммунал қарздорлик масаласида 46 та ва қолган бошқа масалаларда 99 та ёрдамлар сўралди. Натижада 101 та мурожаат ҳал этилди, 45 та мурожаатга эса ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, яна 101 таси кўриб чиқиш жараёнига берилди. Гувоҳи бўлганингиздек, ҳар бир мурожаат ҳоким депутат эътиборидан четда қолмади. Барчасига қонун доирасида ечим излашга ҳаракат қилинди ва ҳал этилди. Бу ҳолат албатта, туман аҳолисига қувонч бағишламоқда. Бундан ташқари тадбиркорлик қилиш истагидаги хотин-қизлар учун семинар-тренинглар ташкил этилиб, бу борадаги билим ва кўникмалар тегишли мутахассислар томонидан ўргатиб борилмоқда. Президентимиз томонидан «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб ном қўйилган жорий йилда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, «Аёллар дафтари» билан ишлаш тизимини юритиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилишга эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича кенг кўламли ишлар ташкил этилди. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бўйича биргина баҳор мавсумининг ўзида туман миқёсида 125 миллион дона дарахт кўчатларини экиш бўйича самарали ишлар ташкил этилди. «Дафтарлар»га кирган, кўчат экиш бўйича тажрибаси бор аҳолига кўчатхоналар ташкил этиш ва зарур техника, сифатли ниҳоллар ва уруғлар харид қилиш, кўчатлар етиштириш учун субсидиялар ажратилди.

Ф.Абдуллаев жорий йилдаги фаолияти давомида кўпгина маҳаллаларга ташриф буюриб, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўрди. Хусусан, «Кўксарой», «Боғистон» маҳаллаларидаги маҳаллабай ўрганишлар давомида мавжуд муаммолар ўртага ташланди ва уларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Учтепа туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан тумандаги А.Қодирий, «Нишабариқ», «Дегрез» ва «Журжоний» маҳаллаларида истиқомат қилувчи ишсиз, ишлаш истагида бўлган фуқароларни маҳаллабай ишлаш йўли билан ишга жойлаштириш чоралари кўрилди. Ҳоким депутат бу борадаги 10 муаммоли масалани жойида ҳал қилишда ёрдам берди. Умуман, туманда ташкил этилаётган барча ишларнинг амалий бўй кўрсатиши Ф.Абдуллаев жонбозлиги ва саъй-ҳаракатлари туфайли намоён бўлмоқда.

Шунингдек, яна бир туман Кенгаши депутати Анвар Усмонов ўтган йилда бўшаб қолган депутатлик ўринларига бўлиб ўтган сайловда ютиб чиқиб, депутат этиб сайланган эди. Қисқа фурсат бўлишига қарамасдан А.Усмонов халқ хизматчиси деган шарафли номни оқлаб кўпгина ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, тумандаги 26 мавзеда жойлашган «Ширин» маҳалла ҳудудидаги 397 мактабгача таълим муассасаси ва унинг бугунги ҳолатини ўрганиб, иситиш тизимида юзага келаётган муаммони бартараф этиш бўйича мутасадди ташкилотлар билан боғланиб, депутатлик сўрови киритди. Бугунги кунда мазкур боғчадаги муаммо ҳал бўлиш арафасида. Шунингдек, депутат кўмагида 4 сектор ҳамда ҳомийлик асосида фуқароларга биринчи даражадаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. «Тепақўрғон» маҳалласида истиқомат қилувчи кам таъминланган Чиндарёва Валентинага моддий шароити ёмонлиги туфайли депутат саъй-ҳаракати билан Кенгаш қарорига мувофиқ 3 миллион сўм миқдорида ёрдам кўрсатилди. Бу каби хайрли ишлар депутат томонидан муттасил ташкил этиб борилмоқда.

Ушбу депутатлик гуруҳи ҳамиша фаол бўлиб, доимий комиссия ҳамда сессия йиғилишлари кун тартибига тегишли масалаларни олиб кирмоқда ва муҳим қарорлар чиқарилишида жонбозлик кўрсатмоқда.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+