Депутатлик гуруҳларида поплик “адолат”чилар намунаси

26.10.2021 10:10:47

Зафаржон Ҳасановни анчадан бери танийман. Сабаби – у ҳам ижодкор, кўп йиллардан бери матбуотда қатнашиб туради. Қалами ҳам анчагина чахланган. Ўзи Попнинг энг катта қишлоқларидан саналмиш Сангда, Сирдарё бўйларида  туғилиб ўсган. Мактабдан кейин институтни битириб, иқтисодчи мутахассислигини олди. Банк муассасаларида ўн беш йилдан ортиқ меҳнат қилди. Бу жараёнда жамоатчилик топшириқларини бажаришни, одамлар билан ишлашни ўрганди.

Шу аснода орттирилган кўникма ва тажриба партия туман кенгаши раиси сифатидаги фаолиятида қўл келди, дейиш мумкин. У “Адолат” СДП туман кенгаши етакчиси этиб сайланганига икки йил бўлди. Лекин мана шу қисқа давр мобайнида поплик сафдошларимизнинг ибратли ишлари кўпчиликнинг эътиборига тушди. Аъзолар сони ортиб бормоқда. БПТ сони ҳам кўпаймоқда.  Ўтган йил якунларига кўра улар вилоятда тўрақўрғонликлардан кейин иккинчи бўлгандилар. Ҳозир эса барча йўналишлар бўйича юқори натижаларга эришиб, биринчи ўринга чиқиб олдилар. Айниқса, депутатлик гуруҳи олиб бораётган фаолият диққатга сазовор.

– Мен иш бошлаганимда маҳаллий кенгашларга сайловларга икки ой қолганди, - деб эслайди З. Ҳасанов. - Номзодлар танлаб бўлинган экан. Улар ичидан сайланишга имконияти борларни саралаб, иш бошладик. Бироқ жуда юқори кўрсаткичга эриша олмадик. Иккита депутатлик ўрнига эга бўлдик, холос. Бу албатта, туман кенгашида гуруҳ тузишга имкон бермасди. Шунинг учун оралиқ сайловларда халқ ишончига сазовор бўладиган номзодларга таянишни ўзимизга мақсад қилиб олдик.

Партия туман кенгашининг бу режаси барча фаолларга маъқул тушди. Жамоатчилик орасида танилган, одамлар орасида ҳурмат-эътибор қозонган кишилар танланиб, номзодлар заҳирасига киритилди. Улар билан ишлаш ҳам бошланди. Аммо орада пандемия туфайли жорий этилган карантин халал берди. Ниҳоят, сентябрдан кейин вазият ўзгариб, барча соҳаларда ишлар жонланиб кетди. Халқ депутатлари туман кенгашига 9-Хўжаобод  округида октябрда ўтказилган сайловда “Адолат” СДП вакили муваффақиятга эришди. “Агробанк” туман бўлими бошқарувчичисининг ўринбосари Аброржон Рапиғалиев депутат этиб сайланди.

Энди партия гуруҳи тузиш учун имконият юзага келди. Бироқ сафдошларимиз бу билан кифояланмадилар. Декабрь ойида 25-Маданият округида ўтказилган сайловда яна бир номзодимиз ғалаба қозонди. 31-умумтаълим мактаби директори Мафтуна Маматова ҳам туман кенгаши депутати ваколатини қўлга киритди.

Орада бир депутатимиз, Ботирали Собиров туман ҳокимлигидаги масъул лавозимга ишга ўтди. Шунда Мафтунанинг сайланганлиги қўл келиб, партия гуруҳи сақланиб қолди. Дарвоқе, бироз ўтгач, айнан М.Маматова депутатларимизга етакчи этиб сайланди. Унинг раҳбарлигида амалга оширилган ишлар партиянинг сайловолди дастуридаги вазифаларнинг бажарилишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

 – Шу йил бошидан бери халқ депутатлари туман кенгаши сессиясига иккмта масала киритдик, - дейди М. Маматова. – Уларни тайёрлашда фаолларимиз кўмакдош бўлдилар. Масалан, “Умумтаълим  мактабларида малакали тиббий хизмат кўрсатиш холатини ўрганиш, болалар ўртасида яссиоёқлилик, сколиоз, стоматологик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш ҳамда профилактик тадбирларни кўзда тутувчи давлат дастурларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, болаларга кўрсатилаётган стоматологик ёрдам сифатини яхшилаш бўйича барча даражадаги давлат ҳокимияти ижроия органлари масъулиятини кучайтириш тўғрисида”ги масалани ўрганишда шифокор партиядошларимиз иштирок этишди. Дастлаб умумлаштирилган маълумотлар депутатлик гуруҳида дахлдор ташкилотлар вакиллари иштирокида муҳокама этилди. Сўнгра масала тегишли доимий комиссияда ҳам кўриб чиқилди.

Сессияда “Адолат” СДП гуруҳининг раҳбари М.Маматова маъруза қилди. Масаланинг атрофлича ўрганилгани, ҳар бир факт ва рақам аниқ маълумотлар билан мустаҳкамлангани барча депутатларда яхши таассурот қолдирди. Партиядошларимиз ниҳоятда муҳим мавзуга мурожаат қилганликлари ўз самарасини берди. Соғлом авлодни тарбиялашда соғлиқни сақлаш тизимининг ўрни  ва масъулиятини ошириш, таълим-тарбия ва спортнинг ўрнини янада кучайтириш, соғлом бола тарбиясида маҳалла ва ижтимоий тузилмаларнинг таъсирини янада оширишнинг долзарб вазифалари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Депутатлик гуруҳининг раҳбари ўз сўзида  бугунги кунда мактабларда болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, жумладан стоматология хизмати соҳасидаги  ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар тўпланиб қолганлигини қайд этди. Ўқувчиларда  оғиз бўшлиғидаги  касалликларнинг ортгани ва ўз вақтида даволанмаслиги оғир хасталиклар келиб чиқишига, ҳаттоки ногиронликка сабаб бўлаётганлигини кузатиш мумкин. Болалар ўртасида стоматологик касалликларнинг олдини олиш ҳамда профилактик тадбирлар  жамоатчилик назорати  тартибида   ўрганилди. Туманда  0-18  ёшгача  болалар орасида стомотологик хизматга мухтожлар ўртача  68,1 % ни ташкил этиши маълум бўлди.

Бир қатор, яъни 6,10,11,16, 23, 28, 34, 40, 51, 67, 73-мактабларда тиббиёт хонаси ва ходими ишлаб турибди. Аммо 57-мактабда тиббиёт ходими штати мавжуд бўлса-да, хона йўқ. Демак, ўқувчиларга ҳеч қандай хизмат кўрсатилмайди. Бошқа мактабларда ҳам  тиббий  асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар етарли  эмас.

Шунингдек, ўқувчиларнинг тиббий билимлари ва санитария-гигиена даражаси талабларидан қай даражада хабардорликларини ўрганиш юзасидан 120 дан ортиқ бола билан суҳбат ўтказилди. Натижа эса ташвишли - тушунтириш ва тарғибот ишлари етарли даражада эмас. Ота-оналар ва педагоглар эса тамоман бепарво. Сессия қабул қилинган қарорда барча камчиликлар аниқ кўрсатилиб, уларни бартараф этиш юзасидан вазифалар  белгиланди.

Бугунги кунда тумандаги нафақат марказий йўллар, балки кўплаб ички кўчалар ҳам равон бўлиб бораётганини кўриш мумкин. Бунда ҳам халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи  аъзоларининг ўзига яраша ҳиссаси бор. Чунки уларнинг ташаббуси билан шу йилги сессиялардан бирида бу масала ҳам муҳокама этилганди. Бунга партиядошларимиз ўрганган масала сабаб бўлганди. Мана энди вазият бутунлай ўзгарди.

Бу фикрнинг исботи тариқасида биргина мисол келтирамиз. Маданият -  нафақат Попнинг, балки Наманган вилоятининг энг  олис қишлоқларидан. Айни кунларда бу ерда  ички йўллар таъмирланмоқда. Юқорида тилга олинган сессияда шу қишлоқдаги ҳолат тўғрисида ҳам сўз юритилганди. Мана энди,  туман йўллардан фойдаланиш  давлат унитар корхонаси ходимлари ички кўчаларга асфальт ётқизиш ишларини жадаллик билан олиб  боришмоқда.

-  Жорий йилда 14.8 миллиард сўмлик йўл қурилиши ишларини бажаришимиз лозим, - дейди корхона директори Жаҳонгир Ғафуров. – Шу ҳисрбига 137 километр йўлни шағаллаш ва 69 километрни эса асфальтлаш  белгиланган. Бу ишлар 80 фоизга бажарилди. Ҳозирда 60 дан ортиқ йўл қурилиш машина-механизм, 150 нафар ишчиларимиз меҳнат қилмоқда.

Биз Поп туманидаги “Адолат” СДП депутатларининг эзгу ишлари ҳақида қисқача ҳикоя қилдик, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, улар келгусида янада кенг қамров касб этиб, салмоғи янада ортади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ, 

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+