Депутатлик сўрови ўз натижасини берди

08.09.2021 17:09:37

 

Халқ депутатлари Қибрай туман Кенгаши депутати Дониёр Юсупов ўзи сайланган “Бойжигит” МФЙ ҳудудида 2019 йил “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга оширилмай қолган ишларни якунига етказмоқда.

 Аҳоли билан бўлган учрашувлар, сайёр қабуллар ва мурожаатларга кўра, “Бойжигит” Марказий кўчасининг 1 км.дан ортиқ қисми асфальт қилинмагани маълум бўлди. Депутат туман сессиясида мазкур масалани кўтариб чиқди ва маҳаллани чинакамига обод қилиб, халқни рози қилиш масаласини кўндаланг қўйди. Албатта, бу иш осонликча битмади, 2020 йил пандемия бўлгани сабабли, режадаги иш 2021 йилга қолдирилди. Туман ҳокимига берилган депутатлик сўрови ўз натижасини берди. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамига “Бойжигит” аҳолиси кўчасида ҳам байрам бўлди.

– Янги асфальт ишлари якунига етиши билан ҳудудда аҳоли томонидан ободонлаштириш ишлари ҳам бошлаб юборилди, теварак-атроф тозаланиб, дарахтларга шакл берилди. Эндиги вазифа маҳалладаги эски симёғочлар янгисига алмаштирилиб, ички кўчаларни ёритиш, – дейди халқ вакили Дониёр Юсупов. – Қолаверса, бу йил 5 та кўп қаватли уй капитал таъмирдан чиқарилади, унинг маблағи ва пудратчилари тайёр.

Шунингдек, яқин кунларда бу ерда янги бошқарув компанияси иш бошлаш арафасида. Таъмирталаб уйларнинг том қисми, ертўлалар, уйларнинг йўлаги таъмирланади. Янги бошқарув сервис компанияси томонидан тун-у кун диспетчерлик хизмати ташкил этилиб, аҳоли мурожаатлари ҳал этилади.

Асосий мақсад халқни рози қилиш, уларга муносиб турмуш шароитини яратиб бериш. 

Фотима САТТОРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+