Депутатнинг ташриф жойи

13.10.2020 18:10:07

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Муҳаммад Исмоил ва  Райимназар Ғойибназаров Сардоба тумани “Дўстлик” маҳалласида янги қуриб битказилган бинолар ва корхоналарни кўздан кечириш мақсадида ҳудудга ташриф буюришди.

Бугун Сардобада пахтани қайта ишлаш ва кийим-кечак ишлаб чиқарувчи замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган, бозор иқтисодиёти талабларига мос келадиган тўқув трикотаж комбинати ишга туширилди.

“SARDOBA TEXTILE OQSAROY GROUP” МЧЖ директор ўринбосари Бобохолов Баратулло ташриф буюрган меҳмонларни корхонадаги мавжуд шарт-шароитлар билан таништирар экан, қуйидагиларни айтиб ўтди:

- 2020 йилнинг июнида бошланган корхона қисқа муддатда қуриб битказилди. У сардобаликлар учун жуда катта совға бўлди. 500 киши иш билан таъминланди. Комбинат тоза пахтадан кийим-кечак ишлаб чиқаради ва бу маҳсулотлар нафақат Сирдарё ёки Ўзбекистон бозори, балки чет элга ҳам импорт қилиш қобилиятига эга. Бу эса ўз ўрнида иқтисодий ўсишни ҳам таъминлайди. Ишчиларнинг ойлик маоши 1 миллиондан 3 миллионгача доимий равишда меҳнатига қараб ортиб боради. Ишчилар учун шинам ва гўзал ошхона ҳам қурилган. Яқинда комбинат ишчиларининг фарзандлари учун 250 ўринга мўлжалланган болалар боғчаси ҳам қуриб битказилади. Мақсадимиз – ишчи-хизматчиларимизнинг болалари тарбиясига ҳам эътибор қаратиш.

Корхона фаолияти билан танишган “Адолат” социал демократик партияси вилоят Кенгаши депутати, элимиз ардоғидаги шоир Муҳаммад Исмоил қуйидагиларни айтиб ўтди:

- Бундай гўзал ва муҳташам текстил фабрикаси ишга тушиши нафақат сардобаликлар, балки бутун сирдарёликлар учун қувончли воқеадир. Вилоятимиз қишлоқ хўжалигига мослашган вилоятдан саноати ўсиб бораётган вилоятга айланаётир. Текстил фабрикаси Сардоба тумани “Дўстлик” маҳалласига узукка қўйилган кўздек ярашиб турибди. Узоқни кўзлаб, элу-юртимизнинг ташвишини ўйлаб, жон куйдириб ғамхўрлик қилаётган Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевга Сирдарё вилояти Кенгаши депутатлари ва иш билан таъминланган 500 киши номидан самимий миннатдорчилик билдирамиз. Раҳмат сизга, Муҳтарам Президент! – дея дил сўзларини баён этди.

Халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Исмоил “SARDOBA TEXTILE OQSAROY GROUP” МЧЖ кутубхонасига ўзининг қаламига мансуб бир қанча китобларини туҳфа қилди.

 

Моҳидил ЗИЯЕВА,

Ҳалима Худойбердиева номидаги

Ижод мактаби ўқитувчиси,

Халқ таълими аълочиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+