Депутат сўровига мутасаддиларнинг ёлғони

25.10.2019 15:10:23

Фуқаролар олдидаги долзарб муаммоларни ҳал этиб бериш барча мутасадди ташкилот раҳбарларидан тортиб, то депутатларгача - уларнинг олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Чунки бугун замоннинг ўзи ҳам шуни талаб этмоқда. Шунчаки эмас, балки ҳар қандай камчиликка эътибор билан ёндашилса, муаммолар бартараф этилиб, аҳоли манфаатлари йўлида қилинадиган ишлар самарали бўлади. Қарс икки қўлдан чиқади, деганларидек, муаммолар ҳам ҳар бир ташкилот раҳбарлари, депутатлар бирлашсагина ҳал этилади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро шаҳар Кенгаши ходими ва депутатларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари шаҳардаги “Фурқат” МФЙда бўлиб, муаммоларни ўрганди. Ўрганишлар давомида эса “Низомий” кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар Марина Белоозерова ва Санобар Файзуллаевалар уйи яқинидаги сув қувурларининг носоз ҳолга келиб қолганлиги, бу эса уларнинг яшаш шароитида бир қатор муаммоларни келтириб чиқараётганлигини билдиришган эди. Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Ориф Эгамов муаммо юзасидан жорий йилнинг 3 октябрь санасида Вилоят  “Сувоқава” ДУК шаҳар филиали мутасаддиларига депутатлик сўровини киритди.

Маълумки, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига кўра ҳар бир ташкилот мутасадди-раҳбарларидан депутат йўллаган сўровга ўн кун муддатга жавоб қайтарилиши талаб этилади. Вилоят  “Сувоқава” ДУК шаҳар филиали раҳбарлари қонунга тўлақонли риоя этишибди-ю, лекин...

Сўровда оқава тизимидаги носозлик бартараф этилганлиги, махсус автомашиналар билан босим остида ювилиб, қудуқлар тозаланганлиги, оқава тизимининг бир меъёрда ишлашининг таъминланганлиги айтилган. Жавоб асосида партия шаҳар Кенгаши ҳамда депутат бориб ҳудудни қайта кўргач, минг афсус, сўровга берилган жавобнинг ҳақиқатдан узоқлигининг гувоҳи бўлишди. Депутат сўровига ёлғон жавоб йўлланган.

-Бир неча маротаба масъул раҳбарларга мурожаат қилдик. Келиб кўриб, ҳал этамиз, дейишадию, муаммони жойида қолдириб кетишади. Ёз кунлари умуман ўз хонадонимизда истиқомат қилишнинг иложи йўқ, 2019 йилнинг январь ойидан буён аҳвол шу, марказий қувур умуман носоз ҳолга келиб қолган, - дейди фуқаро Санобар Файзуллаева.

Дарҳақиқат, ҳудуд жуда абгор ҳолатда. Сув қувурининг ер устига тошиб кетишига бир баҳя қолган холос. Муаммога эътиборсизлик қилган мутасаддилар наҳотки қонунга қарши иш кўраётганлигини англамаган. “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс”нинг 26 - “Бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” деб номланган бобининг 193-моддасида “Давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан депутатлар ҳамда сенаторлар олдидаги ўз вазифаларини бажармаслик, уларнинг ишига тўсқинлик қилиш, уларга атайлаб сохта маълумот бериш, депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатларини бузиш, худди шунингдек мансабдор шахслар томонидан парламент сўровини, депутат, сенатор сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” – дея қайд этилган экан, вилоят “Сувоқава” ДУК шаҳар филиали мутасаддилари модда моҳиятидан бехабар қолганми, халқ билан бирга депутатни ҳам рўйи-рост алдашди. Улар томонидан тақдим этилган ёлғон маълумот ўз тасдиғини топмади.

“Низомий” кўчасининг бошқа бир қисмида эса сув қувури батамом бузилган, пиёдалар ўтишида эса имкониятнинг ўзи йўқ. 10/2-ҳовлида истиқомат қилувчи фуқаро Холбозор Нормўминов ташкилотга мурожаат қилгач, ходимларидан бири ишига кўз остидан қараб, “муаммонинг ечими декабрь ойидан кейин ҳал этилади”, - деб қўл силтаб кетган. Энди фуқаролар мактаб, боғча ёхуд ишхонасига бориш учун бошқа ўтиш йўлини излаб топишлари керак, чоғи...

Мамлакатимиз раҳбари “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” дея доим такрорлайди. Айни мана шу жумланинг амалда очиб берилиши миллионлаб муаммоларнинг ечимини ҳал этади. Аҳоли ўз ҳаётидан мамнун яшайди. Лекин биргина ташкилотнинг халқ муаммоси туширилган депутат сўровига қўл силтаб, ёлғон маълумот бераётган чоғида улардан яна қандай кўмакни кутиш мумкин?! У депутатни эмас, аслида, халқни алдади. Зеро, депутат сўрови бу халқ сўровидир.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+