Дилдаги гаплар

21.11.2022 14:11:58

Умрага бориб келиб уйларига «Умра муборак» деб ёзиб, оёқлар тагига узундан узоқ пойандозлар солиб, қимматбаҳо гуллар совға қилиб, бир биридан тўқ таниш билишларга шўрваю ошлар тарқатиб, дуо олгани келганларга ҳар хил тасбеҳу жойнамозлар бериб, оппоқ қиммат либосларни кийиб, қўйларни сўйиб қийналганга тарқатмай, келган ўзингизга ўхшаган бойларга егиздириб юбораётган ҳожи акалар маҳаллада бир ҳафтада бир кило гўшт еёлмаётган, томидан чакки ўтиб онасига «Она нега ҳамма ўртоқларимни уйидан ёмғир ўтмайди бизникидан ўтади? Ҳеч қайси ўртоғимнинг уйини ўртасида эски пақир, тоғорача турмайди, бизникида бундай туради? ” деб ҳеч нарсани тушунмай бечора онасини йиғлатиб, савол бериб ўтирган, отасиз қолган етим гўдак болаларимиз бор.

Ойлаб, йиллаб бир жойда михланиб ётиб қолган беморларимиз бор. Ташқаридан қарасангиз ўзини гўё қийналмаётгандай кўрсатади. Орияти бор, қийинчилигини бировга айтолмай кечаси билан Худога йиғлаб чиқадиган беморларимиз бор.

Зоҳирида яхши яшаётгандан кўринсада кунлик топгани болалари ва ўзини қорнидан орттиролмай юрган кўп фарзандли оталар бор.

Эри ўтиб кетиб бири боғчада бири биринчи синфда ўқиётган фарзандлари билан қолиб кетган бева аёл ёнида икки сағири бор. Кунда мактабдан келиб онасига «Она синфдошим уни кийибди, буни кийибди менга қачон олиб берасиз» деб кунда 30 минг сўмга кунлик ишлайдиган онани бағрини тилиб ўтирган болалар бор. Боласига бугун сенга бозордан янги этик олиб келаман деб эски бозорга бориб, сал янгироқ этикчани олиб келиб артиб тозалаб мактабдан келган боласига мана янги этикча болам деса қувончи ичига сиғмай ўртоқларига онам бозордан янги этик олиб келиб беришди деб аслида бировлардан қолган оёқ кийимни кийиб юрган болаларимиз бор.

Қўшнисини боласи билан ўйнаб, қўшниларнинг таомланаётган вақтига тўғри келиб қолиб, дастурхонимиздагиларни кўриб, уйига кириб бева онасига «Ая биз ҳам қачон кабоб еймиз, семичкахолва еймиз, ёнғоқ еймиз, асални мазаси қанақа бўлади, биз қачон шоколадли сариёғ еймиз» деб ҳарҳаша қилаётган сағирларимиз бор.

Эртага Аллоҳни олдида Умрага бориб келиб шоҳона зиёфат бермаганимиз учун эмас, мана шу етим болаларни кўзидан оққан ҳар бир томчи кўз ёши учун жавоб берамиз. Онаси эски бозордан олиб келиб берган эски этикчани янгисини биз олиб бермаганимиз учун жавоб берамиз. Асални мазасини қандайлигини билмагани учун биз жавоб берамиз. Уйимизда ўзимиз ёнғоқ майиз еб етим болаларга бермаганимиз учун жавоб берамиз.

Келинглар раис сифатида бир таклиф беринглар маҳалладагиларга:

Умрага бориб келиб зиёфату ҳар хил совғалар бермоқчи бўлган акалар, опалар шу нарсаларга сарфламоқчи бўлган маблағларингизни етим есирларга, касалларга, қийналган оилаларга берайлик. Зора шу амалимиз Аллоҳга маъқул келиб қолса.

Мирзохид АБДУҚОДИРОВ,

Чилозор туман махалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи,

Халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+