Дипломли ишсизлар учун имконият

14.07.2021 19:07:17

Қўлига олий таълим муассасини битирганлиги тўғрисидаги мутахассислик дипломини олган битирувчи борки, ишсизлик муаммосига дуч келади. Тўғри, ҳаммаси ҳам эмас. Лекин дипломи бўла туриб эшикма-эшик иш излаб юрганларнинг ҳаётий ҳикояларига кўз юмишнинг ҳам иложи йўқ. У идорадан бу идорага боравериб қўлидаги ҳужжатлар жилди увадага айланган дипломли ишсизлар бу фикримизни тасдиқлаши аниқ. Иш сўраб борган идорасидан “Бизда бўш иш ўрни йўқ, бошқа жойга бориб кўринг” жавобни олаверганларнинг эса аллақачон хафсаласи пир бўлган. Лекин энди бундай бўлмайди.

Чунки “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори имзоланди. Бунга асосан эса 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилади.  Бу эса мутахассислик дипломи бор кадрларни шаффофлик  ва холислик принципларига асосан  мавжуд бўш иш ўринларига танлаб олинишини тақозо қилади.

Энг қувонарлиси таниш-билишчилик анъаналарига  ҳам чек қўйилади. Яъни бирор бир ташкилотга ишга жойлашишни истаган мутахассиснинг ўша корхонада таниши ёки қариндоши бўлиши шарт эмас. Демак, ўз билими ва қобилиятига  ишонган дипломлилар   ҳужжатлар йиғма жилдини янгилаб 1 сентябрдан бошлаб ўз мутахассислиги бўйича ишга қабул қилиш бўйича жорий этилган  очиқ танловда иштирок этиши мумкин. Зеро, коррупцияга қарши курашда бу тизим ўзини амалиётда тўлиқ оқлаши аниқ.

 

Фарҳод РАСУЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Янгиер шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+