Доимий комиссияларда нима гаплар?

14.12.2023 16:12:27

Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини рейтинг баҳолаш тизими самараси қониқарлими?


Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари, “Суд ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссия” раиси - Руиддин Раупов ташаббуси билан воҳада коррупцияга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинаяпти. Хусусан, коррупциянинг олдини олиш, унинг илдиз отмаслиги учун тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилаяпти. Айниқса, коррупцияга қарши курашиш фаолиятини рейтинг баҳолаш тизими асосида доимий комиссия йиғилишларида мутасадди идора ва ташкилотлар масъулларининг ҳисоботлари мунтазам эшитиб келинаётгани яхши самара бераяпти.


Бугун “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” муносабати билан доимий комиссияда “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди. Унда партия фаоллари, депутатлик гуруҳи аъзолари ва мутасадди идора ва ташкилотлар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди. Йиғилишда қатнашганлар коррупцияга оид ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тегишли жавоблар олишди.
Доимий комиссиянинг йиғилишида вилоят ҳокимлиги коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи - Ринат Равшанов ҳисоботи эшитилди.
- Воҳада “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонун ҳамда Президентимиз Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, коррупцияга қарши кураш бўйича Миллий Кенгашнинг ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг тегишли қарор ва буйруқларига асосан самарали ишлар ташкил этиб келинаяпти, - деди Ринат Равшанов. - Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 12 январдаги ПК-81 сон қарори асосида давлат ташкилотлари ва органлари, шу жумладан, маҳаллий ҳокимият органларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятига оид самарадорлик кўрсаткичлари белгиланиб, уларнинг коррупцияга қарши курашиш фаолиятини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилган. Вилоят ҳокимлигида ҳам қуйидаги бешта йўналиш бўйича 29та индикаторлар асосида маълумотлар киритиб борилмоқда. Давлат молиявий назорати бошқармаси ҳамда “Бюджет очиқлиги” бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган ойлари давомида 487та молиявий назорат тадбирлари ўтказилди. Шундан 311та ҳолатда жами 64330,6 миллион сўмлик қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларининг мақсадли фойдаланилиши юзасидан 476та назорат тадбирлари ўтказилиб, 57 388,5 миллион сўм миқдоридаги бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади ҳамда асоссиз харажатларга йўл қўйилган. Шундан 10 271,3 миллион сўм бюджетга қайтарилди.
Маърузачи қурилиш соҳасида ҳам ноқонуний ишлар қилинаётгани ва бунинг эвазига 28 948,3 миллион сўмлик, иш ҳақи ва унга тенглаштириладиган тўловларни тўғри ҳисобланиши ва тўланишида 10 136,9 миллион сўмлик, ажратилган субсидияларнинг қонунийлиги ва мақсадли сарфланишида ҳам жами 7 153,5 миллион сўмлик, давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа жамғармалардан ажратилган маблағларни мақсадли сарфлаш ўрнига 6 942,1 миллион сўмлик маблағ ноқонуний ўзлаштириб кетилганлигини ачиниш билан қайд этиб ўтди. Албатта, ушбу қонун бузилиш ҳолатларини содир этган шахслар тегишли тартибда прокуратура органлари томонидан жазога тортилди.


Шунингдек, доимий комиссия йиғилишида Президентимизнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси тўғрисида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи - Убайдулла Ориповнинг ҳамда вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи Азиз Садировларнинг ҳам ҳисоботлари эшитилди.
Йиғилишда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими тизимида йўл қўйилган хатоликлар ва камчиликларни босқичма-босқич бартараф этиш масаласи халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси режасига киритилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+