Донорлик акцияси Сирдарёда қандай ўтди?

03.06.2021 12:06:55

Сирдарё вилоят қон қуйиш маркази. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан навбатдаги беғараз донорлик акцияси айнан шу манзилда бўлиб ўтди. 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан бир кун давом этган ҳайрия тадбирида партиянинг ўттиз нафардан ортиқ вилоят ва туман Кенгаши аъзолари, депутатлар ва кўнгиллилар иштирок этди. Қатнашчилардан ўн беш нафари донор сифатида рўйхатга олинди.

–Биз бугун ушбу акцияга байрамона руҳда ташриф буюрдик. Чунки эртамиз эгалари бўлган хусусан қонга эҳтиёжи бор болажонларга умид ва қувонч улашишни мақсад қилдик. Аслида болалар ҳар бир байрамда совғалар олишни яхши кўради. Биз ҳам байрамда совға улашишни хоҳладик. Фақатгина моддий нарсалар билан эмас, балки донорлик йўли билан. Анъана тусини олган ушбу акция йилда икки маротаба ташкил этилади. Лекин 1 июнь куни бўлиб ўтадигани ҳақиқий байрамона кайфиятни ўзида ифодалайди. Мен ҳам Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, партиянинг Ховос туман Кенгаши раиси  сифатида  бугун хайрли ишда иштирокчи бўлдим ва қон топширдим. Энг муҳими акция сабаб кўмакка муҳтож бир болага ёрдамим тегадиган бўлди, шундан ҳурсандман, - дейди  Ғойибназар Райимназаров  биз билан суҳбатда.

Ҳа, ўзида беғараз ёрдамни ифодалаган ушбу акция сабаб ўн беш нафардан ортиқ бемор болажонларга ҳаётий умид бахш этиладиган бўлди. Донорлик акцияси эса эзгу ташаббус сифатида партиядошларни яна бир бора бирлаштирди, дейиш мумкин. Зеро, бор меҳримиз сенга, болажон, дея номланишидан  мақсад  ҳам шу эди аслида.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят  Кенгаши

 матбуот котиби

  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+