Донорлик — беғараз ва савобли иш

29.05.2024 19:05:05

Қон — бу бебаҳо неъмат, унинг ҳар томчиси беморни ҳаётга қайтариши мумкин. Беғараз донорлик орқали қонга муҳтож бўлган инсонларга кўмаклашиш одамийликнинг энг юксак намуналаридан ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда донорлик тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон «Адолат» СДП ташаббуси билан ҳар йили 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида «Бор меҳримиз сенга, болажон» шиори остида беғараз донорлик акцияси ташкил этилади.

Партиянинг Тошкент вилоят Кенгаши томонидан ҳам мазкур акция доирасида партия фаолларидан иборат кўнгилли донорлар иштирокида жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилиш ишлари бошлаб юборилди.

Бугун Олмалиқ шаҳар қон қўйиш бўлимида ўтказилган донорлик акциясида кўплаб юртдошларимиз саховатли ишга бош қўшдилар.

Акция давомида Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари Тошкент вилояти туман ва шаҳар Кенгашлари раислари ва депутатлари, партия фаоллари, ёшлар ва кўнгиллилар иштирок этишди.

Беғараз донорлик акциясида турли касаллик ёки бахтсиз ҳодисалар ортидан қон алмаштиришга муҳтож бўлган бемор болаларга ёрдам кўрсатиш, ҳаётга қайтишларига кўмак бериш ҳамда соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган юздан ортиқ партия хайрихоҳлари ихтиёрий равишда қон топширишди.

Акцияда фаол иштирок этган кўнгилли донорлар партия томонидан эсдалик совғалар ҳамда ташаккурнома билан тақдирланишди.

«Адолат» СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+