Донорлик – савобли иш

01.12.2023 17:12:43

     Қон, бу – бебаҳо неъмат, унинг бир томчиси ҳам бемор инсонни ҳаётга қайтариши мумкин. Шу сабабли беғараз донорлик орқали қонга муҳтож инсонларга кўмаклашиш одамийликнинг энг юксак намуналаридан бири ҳисобланади. Шу боисдан мамлакатимизда донорлик тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.


     Шуни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни ҳамда 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги арафасида “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида беғараз донорлик акцияси ташкил этилди.


     Партиянинг Тошкент вилоят Кенгаши томонидан ҳам мазкур акция доирасида партия фаолларидан иборат кўнгилли донорлардан қон қабул қилиш ишлари бошлаб юборилди.


     Бугун Олмалиқ шаҳар қон қўйиш бўлими, Чирчиқ шаҳридаги Тошкент вилояти қон қуйиш станцияси ҳамда Янгийўл шаҳар тиббиёт бирлашмасида ўтказилган донорликда кўплаб юртдошларимиз саховатли ишга бош қўшдилар.


     Акция давомида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари Тошкент вилояти туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, шаҳар ва туман Кенгашлари раислари, партия фаоллари, Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси, вилоят ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Миллий гвардия Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари, ёшлар ва кўнгилли партия хайрихоҳлари иштирок этишди.


     Беғараз донорлик акциясида турли касаллик ёки бахтсиз ҳодисалар ортидан қон алмаштиришга муҳтож бўлган бемор болаларга ёрдам кўрсатиш, ҳаётга қайтишларига кўмак бериш ҳамда соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган юздан ортиқ партия хайрихоҳлари ихтиёрий равишда қон топширишди.


     Ўтказилган ушбу акция кўнгиллиларни бирлаштириб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган ҳолда, болажонлар учун чин маънодаги ғамхўрлик белгиси бўлди.

     Акцияда фаол иштирок этган кўнгилли донорлар партия томонидан эсдалик совғалар ҳамда ташаккурнома билан тақдирланди.


“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши ахборот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+