Донорлик – шарафли ёрдам, мислсиз савоб, хайрли тадбир

02.12.2022 19:12:02

Бир томчи қон бутун бир ҳаёт демакдир. Кимнингдир кичик ёрдами ким учундир катта маънога эга, бебаҳо мурувват. Ўзгалар соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз қонидан берувчи кишилар қарори ҳар қандай таҳсинга лойиқ. Бир сўз билан айтганда донорлик – шарафли ёрдам, мислсиз савоб, хайрли тадбир.

Айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда қон ва қон маҳсулотларига бўлган эҳтиёж жуда ҳам катта. Ҳар куни минглаб инсонлар донор қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир. Бугун бутун аҳолининг 0,4 % гина қон топширади. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 3-4% ни ташкил қилади. Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларида эса донорлар аҳоли сонининг камида – 1 % ни ташкил этиши лозимлиги белгилаган.

Шу муносабат билан, «Адолат»СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан Республикамизнинг барча ҳудудлари анъанавий тарзда 8 декабрь – Конституция куни ҳамда 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Бор меҳримиз сенга, болажон» шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказиб келинмоқда.

Партия ташаббуси билан биргина 2016 йилдан 2021 йилга қадар ўтказилган акцияларда жами 9 752 нафар донорлар иштирок этиб, 3 900 литр қон йиғилди ва йиғилган қонлар 19 504 нафар қонга муҳтож болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилди.

Мазкур акцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад инсонларда қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги ва қон донорларининг зарурлигини чуқурроқ англаб етишларини шакллантиришдир. Қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб, уларга миннатдорлик билдиришдан иборат. Шунингдек, ушбу хайрли акция Республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилиб, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишни ўзида мужассам этади.

Айнан шундай эзгу мақсадларни кўзлаб, бугун пойтахтимизда жойлашган Республика Қон Қуйиш марказида партия ташаббуси билан старт берилган навбатдаги хайрли тадбирда ҳам донорликнинг тиббий талабларига тўлақонли мос деб топилган, 55 килограммдан ошиқ вазнга эга 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом юртдошларимиз иштирок этишди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва тизимдаги ЙҲҲ бош бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимлари ва юқоридаги вазирликлар таркибига кирувчи қатор ташкилотлар вакиллари, партия ҳайриҳоҳлари ва ОАВ вакиллари ҳамда кўплаб кўнгиллилар иштирок этган мазкур беғараз донорлик акциясида 250 дан ортиқ юртдошларимиз донор бўлишдек шарафли ишга бош қўшдилар. Белгиланган тиббий меъёрга кўра ҳар бир инсондан 400 граммдан ҳаёт томчиларини кўнгилли равишда беғараз топширилганини ҳисобга олсак, биргина бугунги акцияда қонга муҳтож беморлар учун 100 литерга яқин қон йиғишга эришилди.

Айтиш жоизки, соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз шу билан бирга, фойдалидир. Беғараз донорлик - кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъмат. Айниқса, болаларнинг саломатлигига қаратилган бўлса, савоб қилишга янада кучлироқ ундайди.

Дарҳақиқат, қон бу – ҳаёт, инсон тириклигининг асосидир. Унинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. Тиббиётда турли хил касалликлар, шунингдек, фавқулодда жароҳат олган инсонлар, айниқса, жажжи болажонлар кўп қон йўқотиши натижасида уларнинг ҳаёти қил устида бўлиб қалади. Бундай беморларни малакали мутахассислар жаҳон андозаларига мос тажрибалар асосида даволаш баробарида донорларнинг беминнат ёрдамларига ҳам таянадилар.

Қон топшириш орқали бир беморни ҳаётга қайтаришга, унга ҳаётнинг бетакрор онларини кўришга кўмаклашган бўламиз.

Гулнисо САИДОВА, «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Бошқарма бошлиғи:

Шубҳасиз, бугунги акцияда эзгу фикрли, олийжаноб инсонлар кўплигига яна бир бор амин бўлдик. Айниқса, ушбу хайрли ишда халқимизнинг яна бир бор жипслашуви, бемор болажонлар учун кўмакка интилишини кўриб, ҳар бир иштирокчининг кўнгли кўтарилди. Яна шуни ҳам айтиш жоизки, ўтказилган акцияга ташриф буюрган ҳар бир юртдошимизнинг кўнглида - мурғак болажонларимиз ҳеч қачон касал бўлишмасин, кўзлари ёшланмасин, умрлари узоқ бўлсин, Ватанимиз корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб вояга етишсин, деган эзгу туйғу жўш уриб турганини ҳис қилиб турдик. Ушбу акция кўнгиллиларни бирлаштириб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган ҳолда, болажонлар учун чин маънодаги ғамхўрлик белгиси бўлди, десак янглишмаган бўламиз.

Акцияда фаоллик кўрсатган турли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда тиббиёт ходимлари, қолаверса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ва бир қатор кўнгиллилар партиянинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Кечгача давом этган беғараз донорлик акциясида кўплаб саховатпеша инсонлар фаол қатнашди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ушбу хайрли акция 15 декабргача Республикамиз ҳудудлари бўйлаб кенг кўламда давом этиши режалаштирилган.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+