Доривор ўсимликлар хом ашёси экспорт қилинади

29.07.2021 14:07:52

 

Ўрмон бойликларини ҳар томонлама кенгайтириш, аҳоли ҳудудларида тупроқ, сув эрозиясининг олдини олиш, сув заҳираларини шакллантириш, чўлланишга қарши курашиш ҳамда инсон саломатлигини экологик муҳит орқали яхшилашда Фарғона вилояти  давлат ўрмон хўжаликлари муҳим ўрин тутади.

Хўжаликнинг умумий ер майдони 3083.01 гектар бўлиб, шундан, 60.2 фоизи (1860.9 гектар) чўл ҳудуди табиат ёдгорлиги, 39.8 фоизи (1226.76 гектар) водий  ҳудудидан иборат. 24 та  ўрмон, 2 та табиат ёдгорлиги бўлими мавжуд.

Жумладан, Қўқон давлат ўрмон хўжалиги 12629,12 гектарни эгаллайди, 11 та ўрмончилик бўлимлари бор.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарорига асосан ўрмон фондини муҳофаза қилиш, кўпайтириш, ундан оқилона фойдаланиш, моддий-техник базасини модернизация қилиш ишлари тизимли ташкил этиб келинмоқда.

Жорий йил давомида ўрмон бўлимларида 156,7 гектар майдонда янги ўрмонзорлар барпо қилинди. Шундан теракзор 51 га, павлония 9 га, ёнғоқзор 13,85 га, бодомзор 31 га, писта 1,0 га ва бошқа турдаги ўрмонзорлар 50,8 гектарни ташкил қилади.

Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари атрофида шамол эрозиясидан ҳимоя қилиш мақсадида дала четларида 200 гектар майдонда ( 500 минг дона  кўчатлари экилиб) иҳота дарахтзорлари барпо этилди.

Фарғона тумани ҳудудида жойлашган Шохимардонобод ўрмон бўлимига маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан 1 дона тик қудуқ қазилиб, сувдан самарали фойдаланиш йўлга қўйилди.  97 гектар майдонда доривор ўсимликлар плантацияси барпо этилиб, шундан 6,4 гектар майдонга 46250 дона лаванда кўчатлари экилди. 255 гектар майдондан иборат бўлган ўрмон фонди ер майдонларидан фойдаланиш учун 777 нафар фуқаро билан  ижара  шартномаси  расмийлаштирилиб,  553 нафар доимий ва 224 нафар мавсумий иш ўринлари яратилди.  Шундан 93 нафари аёлларни ташкил қилади.

343 гектар майдонда мева ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилда 3,5 гектар майдонда янги лимонарий (иссиқхона)лар ташкил қилинди. Лимонарийлар майдони  6,0 гектарга етди.

Келгусида доривор ўсимликлар хом ашёси, қишлоқ хўжалиги ва мева маҳсулотларидан 129 минг доллар миқдорида маҳсулот экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга,  йил якунига қадар амалга ошириш  кўзда тутилган  қишлоқ хўжалик техника воситалари ва агрегатлари миқдорини кўпайтириш,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 сентябрдаги “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора - тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг 3-иловаси 5-бандига мувофиқ хўжаликнинг сув таъминоти ёмон бўлган Фарғона, Олтиариқ туманлари худудида жойлашган ўрмон бўлимлари ерларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш учун 12 дона тик қудуқ қазиш ва  сув тортиш насосларини  ўрнатиш долзарб вазифалардан биридир.

Мазкур масалаларнинг ижобий ечимга эга бўлиши самарадорлик ва  кўрсаткичларнинг ошишига хизмат қилади.

 

Аваз АҲМЕДОВ,

 Фарғона вилояти ўрмон хўжалиги бошқарма бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+