Дўстлик ва биродарлик ришталари мустаҳкамланади

24.10.2022 09:10:59

Октябрь Ўзбекистон Республикаси учун халқаро майдонда ҳар қачонгидан фаол ва самарали сиёсат олиб борилган ой бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, Қозоғистон пойтахти – Остонадаги учрашувлар ҳали кўпчиликнинг ёдидан кўтарилгани йўқ. Бу ерда кетма-кет учта йирик тадбир - Осиёда ҳамкорлик ва ўзаро ишонч чоралари бўйича кенгаш йиғилиши, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ҳамда «Марказий Осиё – Россия» саммити бўлиб ўтди Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги делегация минтақавий ва жаҳон миқёсида хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ўзаро фойдали ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Давлатимиз раҳбари олға сурган қатор ташаббус ва таклифлар кенг жамоатчилик, сиёсатчилар, экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди ва юксак баҳога сазовор бўлди.

Ўтган ҳафтада эса Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга расмий ташрифи амалга оширилди. Бу азалдан қардош ва биродар ҳисобланмиш халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада кенгайтириш йўлида муҳим қадам бўлди. Имзоланган шартномалар ва эришилган келишувлар ҳар икки мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини жадаллаштиришга муносиб ҳисса сифатида баҳоланди. Пировард мақсад эса қўшни юртлардаги аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишдан иборатлиги диққатга сазовордир.

Биз, наманганлик «адолат»чилар ҳам мазкур ташрифни катта эътибор билан кузатдик. Туркманистонлик дўстларимизнинг давлатимиз раҳбарига кўрсатган ҳурмат-эҳтироми халқларимиз ўртасидаги қардошлик ва ҳамкорлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир. Бу эса мамлакатимизнинг Марказий Осиёда олиб бораётган яхши қўшничилик сиёсатининг самарасидир.

Энди бевосита ташриф тафсилотлари ҳақида сўз юритсак. Дастлабки куниёқ давлатимиз раҳбари Ашхободда барпо этилган «Тошкент» боғининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу сайилгоҳ ўзбек ва туркман халқларининг абадий дўстлиги рамзи бўлиб қолади. Шунингдек, икки давлат чегарасида савдо ҳудуди яратиш бўйича қўшма лойиҳа ишга туширилди. У мамлакатларимиз ўртасидаги самарали иқтисодий алоқаларни изчил йўлга қўйиш ва янада ривожлантириш имконини беради.

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг ўзаро мулоқотларида ҳам икки томонлама алоқаларнинг кўламини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди. Бу борада эришилган яхши натижалар борлиги қайд этилгани ҳолда ҳали жуда кўп ишлар қилиниши мумкинлиги таъкидланди. Кун тартибидан ўрин олган масалалар орасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ва бошқа қатор йўналишлардаги алоқалар бор эди. Пировардида мамлакатларимиз ўртасидаги Стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш тўғрисида декларация ва ўндан ортиқ икки томонлама ҳужжатлар имзолангани мулоқотларнинг ниҳоятда самарали кечганини билдиради, албатта.

Эътиборли жиҳати шундаки, янги декларацияда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатига юксак баҳо берилган. Хусусан, турли соҳалардаги икки томонлама шерикликни ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиш ҳар доимгидек қатъийлиги, Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари чуқур сиёсий ишончга асослангани қайд этилган. Навбатдаги муҳим йўналишлар орасида эса парламентлараро мулоқот, хавфсизлик, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик, юк ташиш, ҳудудлараро алоқалар бор.

Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар орасида ташқи иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш, илмий-техник ҳамкорлик, дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатга олиш тўғрисидаги битимларни ҳам тилга олиш мумкин. Бундан ташқари, электр энергетикаси, божхона иши, ветеринария ва чорвачилик, кинематография соҳасида ҳам келишувларга эришилди.

Қисқаси, давлатимиз раҳбарининг Туркманистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги фойдали алоқаларни янада мустаҳкамлабгина қолмай, бутун Марказий Осиёда ҳам барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга, савдо-иқтисодий бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ёрқиной ҲОЖИМАТОВА,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+