Дўстона алоқалар қайта тикланмоқда

17.07.2021 15:07:13

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилнинг 15−16 июль кунлари юртимиз пойтахти Тошкент шаҳрида «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон ҳамда Афғонистон мамлакатлари президентлари, Покистон ва бошқа хорижий давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари, юқори даражадаги вакиллар иштирок этдилар. Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихан яқин дўстона алоқаларни, ишонч ҳамда яхши қўшничиликни икки минтақа халқлари ва мамлакатлари манфаатлари йўлида мустаҳкамлаш каби мақсадлар кўзланган мазкур конференция кўтаринки руҳда ўтди.

Тарихдан маълумки, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Марказий ва Жанубий Осиё узоқ асрлар давомида халқлар ўртасида фаол мулоқотга хизмат қилган. Бунинг натижасида минтақалар янги билим ва фалсафий қарашлар, тиббиёт, астрономия, жўғрофия, математика, геодезия, меъморчилик, дипломатия санъати ва давлат бошқаруви соҳасидаги ютуқлар, шунингдек юксак маданий, маънавий-маърифий қадриятлар кенг ёйилди. Марказий ва Жанубий Осиё азал-азалдан бир-бирининг маданиятини бойитган. Буюк ипак йўли ҳамда Ҳинд-ганг йўли орқали маҳсулотлар, билим, ҳунар ва қадриятлар тарқалган. Бу эса ўз навбатида  ҳар икки давлатлар ўртасидаги муносабатлар манфаатли ва мустаҳкам бўлиши зарурлигини билдиради. Конференция давомида давлатимиз раҳбари тарихий алоқаларни қайта тиклаш зарурлигини, бу эса  маҳсулотлар, хизматлар, инвестиция ва инновацияларнинг кенг бозори шаклланиши учун зарур шароитларни яратишини таъкидлади.

Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги мазкур очиқ мулоқот улкан савдо-иқтисодий ҳамда маданий-цивилизацион салоҳиятни  намоён этишга замин яратди десак, асло муболаға бўлмайди. Бундай мулоқотлар доирасида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар янги иш ўринлари яратилишига, иқтисодиёт салоҳиятини ривожлантириш ва уларнинг барқарор ўсишини таъминланишига қаратилган лойиҳаларни бирлаштириш имконини беради. Президентимиз ўз нутқи сўнгида ўзаро алоқаларни ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамламасдан туриб, бугунги кунда мамлакатлар дуч келаётган хавф-хатар ҳамда таҳдидларни енгиб бўлмаслигини чуқур англаш лозимлигини билдирди. "Биз фаровонлик ва тараққиётга эришиш йўлида биргаликда ривожланиш истиқболлари бўйича яхлит ёндашувларни ишлаб чиқишимиз лозим. Бизнинг олдимизда Марказий ва Жанубий Осиё, умуман, бутун Евроосиё минтақасини барқарор, иқтисодий ривожланган фаровон ҳудудга айлантириш вазифаси турибди." - дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

 

Обиджон МУРАДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент

вилоят Кенгаши раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+