Ечимини кутаётган ўнлаб масалалар ҳал қилиниши белгиланди

14.06.2021 15:06:49

Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят, Қарши шаҳар Кенгаши фаоллари ва депутатлар партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида шаҳардаги “Пахтазор” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашув ўтказдик. Юзма-юз мулоқотда вилоят ва шаҳар ташкилотлари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Партиямиз фаоллари билан хонадонма-хонадон юриб, аҳоли мурожаатларини ўргандик.

Дарвоқе, маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган беш ойида партия вилоят Кенгашига Қарши шаҳар аҳолиси вакилларидан турли масалаларга оид 211 та мурожаат бўлган. Бевосита Қарши шаҳар Кенгашига эса 302 та мурожаат келиб тушганлиги қайд этилган. Албатта бу кўрсаткич мурожаатларнинг ўтган йилнинг мос  даврига нисбатан 153 тага кўпайганини англатиши билан бирга қайсидир маънода аҳолининг Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкилотларига бўлган ишончининг ортганини ҳам билдиради. Ушбу келиб тушган мурожаатларнинг барчаси ижобий ҳал этилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, аҳоли хонадонларида бўлиб, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганганимизда икки ёки ундан шахснинг келишмовчиликлари, оддийгина маҳалла миқёсида ҳал бўладиган масалалар ҳам борлиги аниқланди. Фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, тиббиёт, таълим, тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган хизматлар, пенсия, коммунал хизмат каби қатор масалалар чуқур ўрганилди.

Юзма-юз мулоқот доирасида 20 нафар ишсиз фуқарога тижорат банкларидан имтиёзли кредит олишларига кўмаклашилди. 13 нафар ёш йигит-қизларнинг 6 нафарига ҳомийларимиз томонидан  тикув машинаси олиб берилиб, 7 нафарига эса маиший хизмат билан ўзини банд қилиш таъминланди. 6 нафар беморга шаҳар касалхоналарида бепул даволанишлари учун тавсия йўлланмалар берилди. 14 нафар фуқаронинг коммунал хизмат билан боғлиқ жумбоқлари партиямиз фаоллари аралашуви билан ўз ечимини топди. Биз уларнинг айримларини мулоҳазаларини ёзиб олдик.

-Мен уй-жой масаласида қийналган эдим,-деди фуқаро Ҳабиба Авазова.-Учрашувда янги қурилаётган уйлардан олмоқчилигимни айтдим. Мурожаатимни ерда қолдиришмади. Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Чамангул Муҳаммадиева менинг илтимосимни қаноатлантирди. Бундан хурсандман.

-Ўз уйимда иссиқхона ташкил этишим учун Микрокредитбанкдан кредит ажратишди,-деди яна бир ёшлар вакили Бехруз Шокиров.-Энди ушбу иссиқхонага лимон, сабзавот етиштириб, ҳам оиламга, ҳам халқимиз дастурхони тўкинчилигига ҳисса қўшаман.

Одамлар билан мулоқотда 100 дан ортиқ ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушди ҳамда уларнинг айримлари жойида ҳал этилган бўлса, баъзилари мутасаддилар томонидан тегишли қонун талаблари асосида кўриб чиқиладиган бўлди.

Фуқаролар иштирокида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида кўзга ташланаётган муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари хусусида ҳам келишиб олинди.

                                                                                   Руиддин РАУПОВ,

                                               Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят

                                               Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят

                                             Кенгаши депутати

    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+