Эҳтиёжманд оила фарзандларининг суннат тўйлари ўтказилди

05.04.2021 09:04:03

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Абдуҳалимов Бахром Абдураҳимович Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Нукус шаҳри “Чимбой чайхона” МФЙга келиб, шахсан ўзи маҳалладаги “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини тинглаб ўз фикр ва таклифларини билдириб ўтган эди.

Партия Сиёсий Кенгаши раиси ташрифидан сўнг, Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Яхшибека Абдуллаева Нукус шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликда савобли ишга бош қўшди.

Нукус шаҳридаги «Чимбой чайхона» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ушбу оилаларнинг болаларига қувонч улашиш мақсадида жорий йилнинг 4 апрель куни Нукус шаҳрида жойлашган “Палвон шох” ресторанида 4 нафар боланинг суннат тўйи маросими ўтказилиб берилди.  

Ташкил этилган суннат тўйи маросимига болажонларнинг ота-оналари ва яқинлари ҳам таклиф этилди.

Тадбирда Нукус шаҳар ҳокими У.Панаев қатнашди ва кириш сўзи билан очиб берди. Бундан сўнг, маросимда сўз олганлар маҳалладаги ёши улуғ отахонлар ва ота-оналар суннат тўйи бўлаётган болажонларни табриклаб, келажакда етук инсон бўлиб етишишларини тилади. Ушбу тадбир ташкилотчиларига ҳам ўз миннадорчиликларини билдириб ўтди. 

Тадбир якунида тўйи нишонланаётган 4 нафар болажонга эсдалик совғалари тақдим этилди, болажонларнинг кўзларидан порлаган қувонч базмга янада файз берди.

-“Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Б.Абдуҳалимов “Чимбой чайхона” маҳалласидаги ташрифида эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича берган таклифлари менга  дастурий амал бўлиб, ушбу маҳалладан сайланган депутат сифатида хайрия суннат тўйининг ташаббускорига айландим. Бундан ҳурсанд бўлган маҳалла аҳолиси партиямиз раҳбариятига ва фаолларига ўз миннатдорчиликларини билдиришдан чарчамаяпти,- дейди депутат Яхшибека Абдуллаева.

 

Ажинияз ПАХРАТДИНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+