Экологик жиҳатдан тоза озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш масалалалари муҳокама этилди

17.07.2021 21:07:28

Бугун пойтахтимиз Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари ушбу анжуманда нутқ сўзлар экан, икки минтақа мамлакатлари ўртасида дўстлик, ишонч ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, қўшни мамлакатлар билан тинчлик ва дўстлик, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида билдирилган фикрлари бугунги давр талабидан келиб чиқиб айтилган сўзлар.

Ахир қадим-қадимдан “қўшнинг тинч, сен тинч” деган ибратли нақл бежизга айтилмаган. Аммо, “Қўшнинг тинч бўлмоғи учун нима қилишинг керак?” деган савол қўйилса, ҳар бир одам ўйланиб қолади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, тинчликни сақлаш мақсадида ташкил этилган халқаро анжуманда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, жами 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этгани аҳамиятга молик.

Шавкат Мирзиёев мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва ўзаро сармояларни  кўпайтириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш мамлакатлар ривожига катта ҳисса қўшади, маҳсулотларнинг эркин ҳаракати, транспорт-коммуникация ва энергетика инфратузилмаларини шакллантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш ушбу йўналишлардаги қатор масалалар ечимига амалий ҳисса қўшишини таъкидлаб ўтди.

Марказий ва Жанубий Осиёда замонавий, самарадор ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш, савдо, транзит, чегаралардан ўтиш борасида рақамли ҳамкорликни кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва Қўшма ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш бўйича илгари сурилган таклифлар Республикамиз иқдисодий ҳаётида ҳам муҳим рол ўйнайди. Мамлакатимиз учун қўшимча бозорлар пайдо бўлишига, эксперт салоҳияти ортишига, ишлаб чиқараётган маҳсулотлар таннархининг 60−70 фоизга камайишига имкон яратиши шубҳасиз.

Анжуманда илгари сурилган яна бир муҳим йўналиш бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлларини излаш масаласи бўлди. Дарҳақиқат, тан олиб айтиш керакки бугунги кунда экологик инқироз халқ хўжалигининг ҳамма соҳаларига шиддат билан кириб бормоқда. Бунинг натижасида эса албатта инсон саломатлигига салбий таъсири сезилади. Инсониятнинг қўли билан бунёд этилаётган саноат, корхоналардан чиқаётган чиқиндиларининг тонналаб уюлиши, атмосфера ҳавосини ифлослаши, ерларнинг шўрланиб бораётгани, экинларга турли касалликлар кенг тарқалиб одамларни ташвишга солмоқда. Сабаби, экологик тоза сув, ҳаво, озиқ-овқат тобора камайиб бормоқда, касалликлар сони ортиб бормоқда.

Сўнгги вақтларда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи жадал ўсиб бораётгани, дунёнинг баъзи минтақаларида аҳоли кескин озиқ-овқат тақчиллигини бошидан кечираётгани ҳақида маълумотлар бежизга тарқалаётгани йўқ. Аҳолини экологик жиҳатдан тоза озиқ-овқат билан таъминлаш тобора қийинлашиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан бундай таҳдидлари бартараф этиш бўйича Дастур ишлаб чиқиш учун БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) шафелигида мамлакатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувини ўтказиш, муаммоларга биргаликда ечим топишга қаратилган ҳаракатларининг негизида халқимиз фаровонлиги, аҳоли хотиржамлиги ётибди.

 

Муҳиба БОБОБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+