Эксперт: Адвокатларни тадбиркорлик субъектига тенглаштириш қонунга зид

14.09.2019 17:09:28

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотларни янада такомиллаштириш, суд мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жазо тизимини либераллаштириш, ярашув институтини кенгайтириш каби масалаларни устувор вазифа деб билади.

Шу муносабат билан, “Адолат” партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган сайловолди дастури лойиҳасига адвокатлар ҳамда адвокатура тузилмаларидан солиқ ундириш тизимини ўзгартириб енгиллик яратиш, ишларни суд босқичида кўриш жараёнида прокурор ва адвокатнинг тенглик принципини таъминлаш каби вазифалар ҳам киритилган.

Президентимизнинг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарди. Натижада амалдаги қонунчиликка бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жорий йилнинг 2 сентябрь куни янги Солиқ кодекси лойиҳаси  жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

“Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги ва “Адвокатура тўғрисида”ги қонунларда адвокатлик тузилмалари (бюро, фирма, ҳайъат) нотижорат ташкилот ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Ҳақиқатан ҳам адвокатлик тузилмалари ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш каби тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмайди ва уларни Солиқ кодекси лойиҳасида тадбиркорлик субъектига тенглаштирилиши мутлоқо асоссиздир.

Адвокатура тузилмалари фуқароларга жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ишлар юзасидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилади. Улар даромад (фойда) олишни кўзламайди ҳамда фаолияти давомида йиғилган даромадни (фойдани) ўз аъзолари (иштирокчилари) орасида тақсимламайди. Шунинг учун адвокатлик тузилмаларини ҳозирда амалда бўлган Солиқ кодексида белгиланганидек, нотижорат ташкилот сифатида солиқ тўлашдан озод этиш, адвокатлардан эса даромад солиғи ундириш мақсадга мувофиқдир.

Адвокатлик тузилмалари ҳисоб рақамига тушган маблағнинг 15 фоизни ижтимоий мажбурий тўловларга ўтказади, бундан ташқари электр энергия, иссиқ сув, совуқ сув, иситиш, электр энергия, телефон хизмати, ижара, ҳамда ходимларга иш ҳақи каби тўловларни амалга оширади.

Солиқ кодекси лойиҳасидаги тартиб жорий этилса, адвокатура соҳасида коррупцияга йўл очилиб, даромадни яшириш ҳолатлари кўпаяди ёки адвокатлик тузилмалари инқирозга учраб ёпилишни бошлайди ва яна ҳам ёмон жиҳати мурожаат қилаётган фуқаролар ва юридик шахслардан кўпроқ пул ундиришга сабаб бўлади.

Юқоридагиларга кўра, янги солиқ кодекси лойиҳаси қайтадан кўриб чиқилиши ва билдирилган эътирозлар инобатга олинишига умид қиламиз.

Бахтиёр Иброҳимов,

1-даражали адлия маслаҳатчиси,

“Адолат” СДП экспертлар гуруҳи аъзоси,

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+