Эл ишини эр қилур, Эр қадрини эл билур

26.10.2022 09:10:15

   Сирдарёликлар, иродаси метиндай мустаҳкам, ҳар қандай бало қазога бир тан-у бир жон бўлиб, ака ука бўлиб, дўст биродар бўлиб, қўлни қўлга, дилни дилга бериб, кучни кучга қўшиб, йиқилмас қўрғон, енгилмас қўшин, бузилмас қоя бўлиб, бир бирини қўллаб қувватловчи, бир бирига таянч бўлгувчи, бир бирига суянч бўлгувчи ва ҳар қандай синовларни албатта енгувчи, албатта ғалаба қозонувчи,  зафар байроғини албатта кўтаргувчи халқдир. Худойим, Сирдарёликларга синов устига синов бермоқда. Сардоба сув омбори ёрилганда бизнинг аҳиллигимизни, бирлигимизни ва ҳеч қандай талофотсиз барча мушкулотларни енгиб, Сирдарёда бир биридан гўзал бир қанча шаҳарларни бунёд этганимизни, нафақат Ўзбекистон халқи, балки бутун дунё кўрди ва сирдарёликларнинг аҳиллигига ва бунёдкорлик кучига тан берди. Кеча, Сирдарё ҳарбий базасида чиққан ёнғин, барча сирдарёликларни яна бирлаштирди. Яна барча куч, барча қудрат сафарбарликка жалб этилди. Талофат кўрган биронта хонадон эътиборсиз қолмади. Жабр чекканларнинг ҳамма ҳаммасининг ҳолидан хабар олинди ва ҳамма хавф хатар бартараф этилди. Шифохонадаги беморлар йўқланди ва энг керакли дори дармон тезда етқазилди, Олий тоифадаги шифокорлар жалб этилди. Ойналар, ромлар, шиферлар, телевизорлар ўрнатилди, деворлар тикланди, синган  идиш товоқлар ўрни қопланди, керак бўлса кўрпа тўшаклар  етқазиб берилди. Вилоятнинг  катта-ю кичик раҳбарлари, шифокорлари, қурувчилари ҳаммаси шу ерда. 24 соат бедор, нимаики хизмат бўлса, “лаббай” деб туришибди. Ҳеч ким ҳеч жойга кетгани йўқ.  Умид қиламизки, яна бир икки кундан кейин тортилган талофатлар, кўринган зарарлар тўлалигича қопланади, деворлар тикланади, беморлар соғаяди, хасталар тузалади, айбдорлар жазоланади,  ҳаёт аввалгидай ўз изнига тушади ва осойишталик  яна бир маромда давом этади.

 Қизиғи шундаки, ваҳима кўтарганлар, жабр чекканлар эмас, ташқарида, бу талофатда умуман талофат кўрмаган ва воқеага гувоҳ бўлмаганлардир. Ўртоқлар, бировнинг бошига иш тушганда,  пайтдан фойдаланиб маломат ва туҳмат тошини отманг, бировнинг устидан кулманг, бировни ёмонламанг. Қўлингиздан келса ёрдам қўлини чўзинг, ҳамдард бўлинг, елкадош бўлинг, дўст бўлинг. Ҳақиқий инсонийлик мана шу. Биз, бу кунлар бошига тушишини ҳатто душманимизга ҳам раво кўрмаймиз. Илоҳо, улуғ Сирдарё халқининг боши омон бўлсин, илоҳо буюк ўзбек халқининг уйида ҳамиша тўйлар бўлсин, дастурхони ҳамиша тўкин, соғлик саломатликда, бахту саодатда, фаровонликда яшасин. Қўлингиздан келса бизга ёрдам беринг, бизни дуо қилинг, қўлингиздан келмаса ўзимизга қўйиб беринг, биз ўзимиз бу ишларни ҳаммасини аъло даражада охирига етқазамиз, биздан норизо бўлган бирор одам қолмайди, Худо хоҳласа ҳаммани рози қиламиз, талофат кўрганларнинг уйларида тўйлар ўтқазамиз.

Сўзимнинг охирида, яна барча барчага соғлик саломатлик тилаб қоламан. Биз ҳашарга, дўстлар олдига шошмоқдамиз.  Омон бўлинглар!

МУҲАММАД ИСМОИЛ,

Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати,

шоир, вилоят Ижтимоий ривожланиш комиссияси раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+