Елкамизда масъулият бор, шарафли масъулият!

01.07.2024 16:07:38

Ҳар қандай давлатнинг келажаги, эртанги куни ва тараққиёти ёшларига бўлган эътибор ва ғамхўрликка боғлиқ. Шу маънода бугун биз, Ўзбекистон ёшлари баралла бахтлимиз, дея айта оламиз.

Мен ана шу бахти кулган йигит-қизлар сафида эканимдан бахтиёрман. Болаликдан шифокор бўлишни, халқ саломатлиги йўлида хизмат қилишни орзу қилардим. Қарангки, бу орзум мақсадга айланди ва Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга қабул қилиндим. Талабалик даврида ўзимни янада бахтли ҳис қилдим. Сабаби ўқишимиз, касб эгаллашимиз, хорижий тилларни ўрганишимиз, қўйингки, бу олийгоҳда  ҳамма-ҳаммаси учун кенг имкониятлар яратилганди.

Кейинги етти йил ичида ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қарор қабул қилиниб, 200 дан ортиқ имтиёз берилди. Бундан ортиғи бўлмаса керак. Олдимизда биргина вазифа – юқоридагиларга  муносиб жавоб бериш, Ўзбекистонимизнинг тараққиётига ҳисса қўшиш вазифаси турибди. Шундан келиб чиқиб талабалик даврида ташаббус ва ташкилотчилик бош шиоримга айланди. Ўқиш билан бирга илмий изланишга ҳаракат қилдим. Арзимас меҳнатларимнинг юксак қадрланиб, «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланишим зиммамдаги масъулиятни янада оширди.

Бу йил олийгоҳни муваффақиятли тамомлаб, шифокор деган номга эришдим. Мақсадим эса халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилиш билан бирга тизимда янгиликлар яратиш. Бу юртим, халқим олдидаги фарзандлик бурчим демакдир.

Куни кеча Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон Президентининг биз, ёшларга йўллаган табригини қайта-қайта ўқиб чиқдим. Давлатимиз раҳбари “Биз ўз олдимизга қўйган улкан мақсадларимиз ижобатини, Янги Ўзбекистон келажагини бутун эл-юртимиз қатори сиздек азм-у шижоатли фарзандларимиз билан боғлиқ ҳолда кўрамиз. Шу боис, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни камол топтириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда”, деганларида зиммамдаги масъулият янада ортди. Билдирилган ишончни оқлаш йўлида  бор билим ва кучимизни сарфлаймиз. 

   Исломбек БЕКТОШЕВ,  

 «Адолат» СДП

Андижон вилоят Кенгаши «Ёшлар қаноти» раиси,

«Мард ўғлон» давлат мукофоти совриндори

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+