Элликқалъада донорлик акцияси ўтказилди

05.06.2024 18:06:25

Бугунги кунда нафақат дунё тиббиётида, балки мамлакатимизда ҳам қон ва қон маҳсулотларига бўлган эҳтиёж жуда ҳам катта. Ҳар куни минглаб инсонлар донорлар қонига муҳтож бўладилар. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Қон қуйишга муҳтож ҳар бир беморнинг алоҳида қон гуруҳи ва фактори борлиги инобатга олинса, унга фақатгина шу гуруҳ ва фактордаги қон қуйилиши кераклиги ҳеч кимга сир эмас. Бундай ҳолатларда донорларнинг ўрни беқиёсдир. Асли лотин тилидан олинган «донор» сўзи «ҳадя қилиш» деган маънони англатар экан. Қолаверса, донорлик илмий асосларга кўра, қон топшираётган кишининг соғлигига ҳам жуда фойдали таъсир этиши исботланган. Донорлик қон алмашинишини таъминлаши ҳамда мунтазам равишда қон топширадиган инсонларда шамоллаш ва гриппга мойиллик кам кузатилади, саратон ва юрак-қон томир касалликларига камроқ чалинади. Донорлик инсоннинг руҳий ҳолатига ҳам фойдали таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан бир неча йиллардан буён мамлакатимизда донорларга бўлган эътиборни юксалтириш, донорлик акцияларини кенг оммалаштириш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жорий йилнинг 5 июнь куни Элликқалъа туман тиббиёт бирлашмасида партиямиз томонидан «1 –июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан «бор меҳримиз сенга, болажон» шиори остида беғараз донорлик акцияси бўлиб ўтди.
Акцияга элликка яқин кўнгилли фуқаролар қатнашиб, бемор болажонларнинг соғлигини асрашдек савобли ишга ўз ҳиссаларини қўшишди. Акция доирасида соҳа мутахассислари томонидан кўнгилли инсонларнинг болалар учун топширган қони уларнинг дардига шифо бўлиб, ҳаётга бўлган ишончини янада ошириши таъкидланди.

Акцияда иштирок этиш истагида келган юртдошларимизга партия фаоллари томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари улашилди.

Ўринбой КАРИМОВ,
«Адолат» СДП
Элликқалъа туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+