Эмлашга бефарқ бўлмайлик

14.07.2021 10:07:09

Коронавирус пандемияси ҳаддан ташқари авж олиб, бутун дунёдаги инсонлар ҳаётига хавф сола бошлаганига бир ярим йилдан ошди. Қанчадан-қанча одамлар оғир дардга йўлиқиб, узоқ муддат азоб чекдилар. Миллионлаб инсонларнинг ёстиғи қуриди. Бу ҳолат ҳар биримизни ташвишлантиради, албатта.

Ўтган давр мобайнида жаҳондаги турли мамлакатларнинг олимлари беморларни даволаш йўлларини ишлаб чиқиш билан бирга вирус тарқалишининг олдини олишга кўмаклашадиган малҳам – вакцина яратиш устида ҳам иш олиб бордилар. Улар белгиланган тартибда синовлардан ўтказилиб, фойдаланила бошланди ҳам. Мутахассислар ўз вақтида эмланиш организмда иммунитетни кучайтириши, бу эса вирусга қарши курашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини қайта-қайта таъкидламоқдалар.

Ўзбекистондан ҳам аҳолини вакцина олиши учун барча шарт-шароитлар яратилгани диққатга сазовордир. Бу жараён билан боғлиқ барча харажатларни давлат ўз зиммасига олган. Ҳолбуки, кўп мамлакатларда эмланиш учун пул тўлашга тўғри келади.

Шу ўринда савол туғилади: халқимиз тақдим этилган имкониятлардан етарли даражада фойдаланмоқдами? Агар статистик маълумотларга мурожаат қилсак, бунга ижобий жавоб бериш қийин. Оқибатда касаллик тарқалиш суръатлари пасаймаяпти. Чунки мутахассислар ибораси билан айтганда, одамларда жамоавий иммунитет таъминлангани йўқ. Бу кўрсаткич  18 ёшдан катталарнинг камида 60-70 фоизи эмлангандан кейингина юзага келади.

Демак, аҳоли ўртасида эмлаш жараёнларини тезлаштиришга қаратилган  кенг тушунтириш олиб бориш талаб этилмоқда. Шундан келиб чиқиб, биз бу жараёнга партиямиз фаолларини  жалб этишга қарор қилдик. Ҳар бир туманда маҳаллий “Адолат” СДП кенгашлари раислари раҳбарлигида тарғибот гуруҳларини ташкил этдик. Вилоятдаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида бу ишга қизғин киришилди.

Партиядошларимиз тарғибот таъсирчанлигини ошириш учун ўзлари ҳам вакцина олишда фаоллик кўрсатмоқдалар. “Адолат” СДП вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилшода Турғунова биринчи бўлиб эмланди. Бошқа ходимлар ҳам ундан намуна олдилар. Бу ишга депутатларимиз, БПТ раислари, бошқа фаолларимиз ҳам қўшилдилар.

Қисқаси, коронавирус пандемиясига қарши курашнинг муваффақияти ҳозир кўп жиҳатдан айнан унга қарши эмланишга боғлиқ бўлиб қолди. Шундай экан, ҳар биримиз бу ҳақида оилада, маҳаллада, меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларида тарғибот олиб боришимиз даркор. Биз айнан мазкур йўлдан боришга қарор қилдик.

 

Исроилжон ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+