Энди мансабдорларнинг машинаси қиммат бўлмайдими?

05.05.2021 13:05:25

Агар кўчадан ўтаётган автомашина қиммат нархли ва энг сўнгги русумли бўладиган бўлса “Бирор бир раҳбарнинг машинаси” дея таъриф бериш оддий холга айланган. Айниқса кўзни қувнатиб ўтадиган “темир тойчоқ”нинг соҳиби башангроқ кийинган бўлса гап исботини топар эди. Эндичи? Бундай холатда машина эгаси мансабдор бўлиб чиқмаслиги ҳам мумкин бўлади. Чунки хизмат машинаси кўпинча бюджет маблағи ҳисобидан ҳарид қилинади ва раҳбар органларга топширилади. Бюджет маблағи эса халқнинг пулидир. Шу каби ҳолатларни олдини олиш ва бюджет маблағининг тўғри тақсимланишини таъминлаш мақсадида ҳуқуқий асослар ишлаб чиқиладиган бўлди. Яъни 2021 йил 29 апрелда «Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Унга кўра, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат авторанспорт воситаларини бириктириш меъёрлари тасдиқланди. Жумладан:

— Вазирлар, давлат қўмиталари раҳбарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига бириктириладиган хизмат автотранспортининг энг юқори нархи — БҲМнинг 2000 баравари (490 млн. сўм)дан;

— Уларнинг ўринбосарлари хизмат автотранспортининг энг юқори нархи — 1500 баравари (367 млн. 500 минг сўм)дан;

— Туман ва шаҳар ҳокимлари хизмат автотранспортининг энг юқори нархи — БҲМнинг 1000 баравари (245 млн. сўм)дан;

— Давлат бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек, туман, шаҳар ҳокими ўринбосарлари хизмат автотранспорти нархи — БҲМнинг 700 баравари (171 млн. 500 минг сўм)дан ошмаслиги белгиланди.

Яна бир муҳим жиҳати эндиликда хизмат машиналарини мансабдор шахслар томонидан кайфият қараб ёки ва кўз-кўз қилиш мақсадида алмаштирилиши ҳам тартибга солинди.  Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларини янгисига алмаштириш ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларга ўтказиб бериш автотранспортдан камида 5 йил фойдаланилгандан сўнг амалга оширилиши мумкинлиги белгиланди. Фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган автотранспорт воситалари бундан мустасно.

Қарорга кўра, давлат ташкилотларида фойдаланишда мавжуд бўлган хизмат авторанспортлари икки ой ичида хатловдан ўтказилади ва белгиланган меъёрлар бўйича лимитдан ортиқча бўлган хизмат автотранспортлари рўйхати шакллантирилади.

Шакллантирилган рўйхат асосида ортиқча хизмат автотранспорт воситалари 2021 йил 1 августга қадар электрон аукцион савдоларига қўйилади. Бундан ташқари, давлат органлари ходимларининг шахсий автомобилларидан хизмат мақсадларида фойдаланганликлари учун компенсация тўлаш тартибини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси (уч ой муддатда) ишлаб чиқилади. Бир сўз билан айтганда энди мансабдорларнинг машинаси қиммат бўлмайди.

 

Беҳзод АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё

вилоят Кенгаши раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+