Энди навбат ЎҚИТУВЧИЛАРГА...(МИ?!)

17.05.2021 12:05:05

Яқинда kun.uz сайтида эълон қилинган “Навоийда ҳам ўқитувчи калтакланди. Масалани ёпди-ёпди қилишмоқчими?” деб номланган мақола кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Воқеа жорий йилнинг 5 май куни Навоий вилояти Навбаҳор туманининг “Пахтакор” маҳалласидаги 33-умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган. Мактабнинг маънавий ва маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари мактаб ўқувчиларидан бирининг онаси томонидан кўпчиликнинг кўз ўнгида калтакланган.

Ушбу ҳудуддан халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашига Ўзбек­ис­­тон “Адолат” СДПдан сайланган депутат сифатида вазиятни зудлик билан ўргандик.

Дастлаб жабрланувчи Д.Қодирова даволанаётган Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмасида бўлганимизда шифокорлар ўқитувчига уйи­га рухсат берилганлигини билдиришди. Шундан сўнг 33-умумий ўрта таълим мактабига бориб, мактаб директори Саодат Файзиева ҳамда жабрланувчи ўқитувчи Дилбар Қодирова билан воқеа юзасидан суҳбатлашдик.

Мактаб директори воқеани баён қилар экан, мақолада ҳолат бироз бўрттирилганлигини куюниб гапирди:  

– 7 май куни kun.uz мухбирлари мактабга келиб, мендан содир бўлган воқеа юзасидан интервью беришимни сўрашди. Мен уларга бўлган воқеа туманнинг ўзида, тегишли идоралар иштирокида кўрилиб, ҳал этилишини айтдим. Ортиқча шов-шув бўлиши мактабимиз обрўсига путур етказишини айтиб, улардан ушбу материални интернетда чиқармасликни илтимос қилиб, ўзим ҳам интервью бермадим. Таассуфки, эртаси куни kun.uz сайтида ваҳимали мақола эълон қилинибди. Мактабимиз жамоаси умумий рейтинг кўрсаткичлари бўйича туман мактаблари орасида 7-ўринда турибди. Ўқувчиларимиз фан олимпиадалари, турли мусобақа ва танловларда муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. Мақоладан сўнг 30 йиллик педагогик фаолиятимизда тўплаган обрў-эътиборимиз бир пул бўлди. Вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи (М.Шамуратов) мактабимизга келиб, йиғилиш ўтказганида “Халқ таълими вазирлиги мактаб директорига нима чора кўрдинг деб сўраганида, мен уларга директорнинг аризасини олдим деб жавоб бердим”, дея бўлиб ўтган воқеада мактаб маъмуриятини айблайвергач, туман халқ таълими бўлими мудири номига жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб эгаллаб турган лавозимимдан озод қилиш бўйича ариза ёзишга мажбур бўлдим.

Жабрланувчи Дилбар Қодирова эса шундай деди:

– Менга нисбатан бўлган ҳақорат ва зўравонлик ҳаракати бутун ўқитувчиларга нисбатан бўлган муносабат, деб биламан. Яқинда ўқувчимнинг онаси Ҳ.Адизова билан туман ички ишлар идорасида юзлаштиришди. Ишни тергов қилаётган терговчи томонидан бир-биримиздан ўзаро кечирим сўраш таклиф этилганида айбланувчи Ҳ.Адизовада ўзининг зўравонлигидан афсусланиш аломатларини кўрмадим. Аксинча, у менга нисбатан яна оғзаки ҳақоратларни давом эттирди. Ўқитувчиларнинг жамиятдаги мақомини кўтаришга қаратилган қонунларимизни кучайтирмас эканмиз, бундай ҳолатлар давом этаверади.

Энг ачинарлиси, вилоят Халқ таълими бошқармаси, Навбаҳор туман ҳокимининг ёшлар сиёсати ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, туман ИИБ бошлиғи, туман 4-сектор раҳбари ва тумандаги бошқа мутасадди ташкилотлар бўлиб ўтган ҳодисада жабрланган ўқитувчи Д.Қодирова ҳамда мактаб маъмуриятини айбламоқда.

Юртбошимиз янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади деб таъкидлаган. Бироқ кейинги пайтларда учраётган юқоридаги каби ҳолатлар, афсуски, жамиятимизда ўқитувчининг обрўси, ўрни ва ролига салбий таъсир кўрсатади, таълим-тарбия жараёнига путур етказади.

Рустам ҲАЙИТОВ,

халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати

 ***

Албатта, мазкур масала ҳали ўз ечимини топгани йўқ. Демак, бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни тўхтатмаймиз. Зеро, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида алоҳида қайд этилганидек, партиямиз бундан кейин ҳам ўқитувчилар ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни изчил амалга оширишда давом этаверади. Бу жараёнда партиямиз томонидан “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” алоҳида қонун қабул қилиш ташаббуси илгари сурилгани бежиз эмас.

Унутмайлик, жамиятда ўқитувчилар мақомини кўтариш ҳаммамиз учун кечиктириб бўлмайдиган вазифадир!

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+