Энди Нурободлик мактаб ўқувчилари ҳам стипендия олади

22.09.2022 11:09:10

Азал-азалдан барчамизга яхши маълумки, барча қудратли давлатларда ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Ахир, айнан жисмонан соғлом ва ақлан салоҳиятли ёшлар ўз юртининг қудрати ва равнақига замин ярата олиши ҳеч биримизга сир эмас. Ёши улуғларимиз ёшларни янги экилган ниҳолга ўхшатадилар. Боғбон ниҳолни парваришлаб, вақтида сувини қуйиб, нотўғри ўсган шохларини бутаб турса, янги кўчат чиройли ва боғбон кўзлагандай бир гўзал дарахт бўлиб шаклланиб, мева беради. Ёш авлод тарбиясида ҳам ҳар бир масъул «ҳали ёшку» демасдан, уни ўз вақтида одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан шуғулланса, эътибор қаратилса келажакда бизнинг фарзандларимиз орасидан кўплаб Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Амир Темур, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний каби буюк зотлар, олиму алломалар етишиб чиқади.

Бугун Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилояти Кенгаши томонидан Нуробод туманидаги 11 ҳамда 10-сонли умумтаълим мактабларида партиянинг «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасида «Ёшларга эътибор - келажакка эътибор» мавзусидаги тадбир доирасида шулар ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши, Самарқанд шаҳар Нуронийлар бўлими вакиллари, партиянинг Нуробод туман Кенгаши, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман халқ таълими бўлими, кенг жамоатчилик вакиллари, партия фахрийлари ва ОАВ вакиллари иштирок этган тадбир доирасида мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини намоён этишга кўмаклашиш, ҳар бир соҳада баркамол инсон бўлиб улғайишлари учун яратилаётган имкониятлар, ушбу ислоҳотларга камарбаста бўлган Ўзбекистон «Адолат» СДП Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилаётган лойиҳалар борасида маърузалар қилинди. Шунингдек, ташаббуслари билан ёш авлод камоли йўлида турли лойиҳаларни илгари суриб келаётган Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова ташаббуси билан ёшларни илм-фанга, таълимга қизиқишларини ошириш, уларни рағбатлантириш мақсадида яна бир лойиҳа «Қилич бобо стипендияси» жорий этилгани маълум қилинди.

Муҳиба Бабабекова, партиянинг вилоят Кенгаши раиси - Бугун мамлакатимизда ёшлар тарбияси ва камолоти мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига ўзингиз гувоҳ бўлмоқдамиз. Ёшлар орасида китобхонликни ошириш учун жойларда янги кутубхоналар ташкил этилаётгани, мусобақалар ўтказилаётгани, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун жойларда тўгараклар, технопарклар очилаётгани, ёш олимлар учун берилаётган турли имтиёзларнинг бари келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг камолоти йўлида қўйилаётган қадамлардир. Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, Ўзбекистон «Адолат» СДП ҳам ўз фаолиятида фаол партия аъзолари кўмагида умумтаълим мактабларга китоб тақдим этиш ҳамда стипендиялар жорий этиб ёшларни рағбатлантириш мақсадида янги лойиҳага қўл урган. Мен ҳам шундан руҳланиб бу лойиҳани падарибузрукворим туғилиб ўсган, илк таълим олган маскан жой Нуробод туманининг Сазағон қишлоғидаги мактабларда ташкил этишга қарор қилдим. Албатта, бугунги учрашув давомида ўқувчиларнинг бу лойиҳага қизиқишларини, кўзларида порлаган илм иштиёқидаги зиёни кўриб ушбу стипендия уларга катта мотивация, олға интилишга яна бир туртки бўлишини англадим.

Ушбу стипендия мактаб педагогик жамоаларининг таклифига биноан ҳар йилнинг ҳар чораги якунлари бўйича ҳар икки мактабдан олти нафар ўқувчига ўқув йили давомида тўрт маротаба, ўқув йили якунлари бўйича эса аъло баҳоларга ўқиган энг фаол ўқувчиларга бериб борилади. Ушбу янги ғоя ва амалий ҳаракат тадбир иштирокчилари томонидан юқори кайфият билан қизғин кутиб олинди. Айниқса, бу янгилик мактаб ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотди. Тадбирда сўз олган ўқитувчилар, ота-оналар томонидан бу янги амалиёт албатта, ўқувчиларни янада кўпроқ билим олишларига, изланишларига, ўз қобилиятларини намоён этишларига асос бўлиши таъкидланди.

Фарида Наримонова, Нуробод туманидаги 10-сонли умумтаълим мактаби директори - Бугун партия ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда фаол ўқувчилар учун стипендия жорий этилгани айтилганида тўғриси жуда хурсанд бўлдим. Чунки бу ўқувчи учун жуда катта руҳий кўмак, олға ундовчи куч бўлади. Келажакда бу каби стипендияларни олиб ўқиган ўқувчи албатта, олий таълимда ҳам аълочилиги ва намунали хулқи билан барчага ўрнак бўлади, кўплаб номдор стипендиялар соҳиб ва соҳибалари бўлади. Зеро бу ўқувчилар ёшликдан, мактаб давриданоқ ўз келажак пойдеворини мустаҳкамлаб, илм булоғидан қониб улғайишган бўладида.

Тадбир давомида мактаб ўқувчилари билан дўстона учрашув ташкил этилди. Ўқувчиларнинг амалий фанлар ва спортнинг маълум бир турларига қизиқишлари юқори. Мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган кўй-қўшиқ ҳамда бадиий чиқишлари тадбирга ўзгача завқ бағишлади. Тадбир сўнгида мактаб кутубхонасига фойдаланувчилар учун партиянинг вилоят Кенгаши раиси М.Бобобекова томонидан ҳар икки мактаб кутубхонасига 500 га яқин бадиий адабиётлар тақдим этилди. Тадбирда фаол иштирок этган ёшларга партиянинг эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалари топширилди.

Энг қувонарлиси, ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаб партия фаоллари, нуронийлар, депутатлар ҳам жойларда кенг жорий этишга келишиб олдилар. Лойиҳанинг навбатдаги манзили Самарқанд шаҳридаги мактабларда бўлиши режалаштирилди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+