Энди “Қуриган Орол” эмас, балки – “Экологик инновациялар зонаси!”

04.06.2021 14:06:08

Орол денгизининг қуриши бугунги кунда глобал муаммога айланиб бормоқда. Бу албатта, инсониятнинг табиатга нисбатан вайронкор муносабатининг фожиали мисолларидан биридир. Бу муаммони ҳал этиш бутун инсониятнинг умум вазифасига айланди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев барча олий даражадаги йиғилишларда ва учрашувларда ушбу мауаммо нафақат Оролбўйи давлатлари муаммоси, балки, бутун дунё муаммосига айлангани, унинг аҳоли генофонди, флора ҳамда фаунасига таъсири ҳақида қайта-қайта ўз фикр ва мулоҳазаларини айтиб ўтмоқда.

2020 йил 23 сентябрда Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи ҳам глобал иқлим ўзгаришлари ва Оролбўйи ҳудудидаги вазиятга тўхталиб ўтганди.

- Биз Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз. Ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ бўларди, - деган эди давлатимиз раҳбари.

Жорий йил 18 май куни 50 дан ортиқ давлатлар қатнашган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида БМТ Бош ассамблеяси Орол денгизи минтақасини “Экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан маъқуллади.

Бир вақтлар энг катта тўртинчи ёпиқ денгиз бўлган Орол денгизи энди деярли қуриб, кичик сув ҳавзасига айланди. Савдо балиқларининг қимматли турлари, шунингдек, минтақада яшовчи ёввойи ҳайвонлар - Турон йўлбарси, гепард, оққушлар, фламинголар ва эгретлар йўқ бўлиб кетди. Орол денгизининг очиқ қисмида 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонга эга бўлган тузли чўллар пайдо бўлди, у ерда чанг бўронлари авж олиб, тонналарча чанг ва заҳарли тузларни атмосферага минглаб километрларгача олиб бормоқда. Экологик фалокат миллионлаб одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига таъсир қилмоқда.

Қабул қилинган мазкур резолюция кишилик жамиятининг бугуни ва эртаси учун долзарб бўлиб, Орол денгизи минтақасида экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга, Орол фожиаси масаласига ижобий ечим топиш бўйича олиб борилаётган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Бу муаммолар амалий тарзда ҳал этилса, кўп жиҳатдан ҳозирги ва келгуси авлод турмушининг аҳволи ва сифатини белгилаш имконини беради.

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+