Энди тиббиёт ходими қонун ҳимоясида бўлади

01.11.2022 20:11:13

Кейинги йилларда Давлатимиз раҳбари томонидан тиббиёт ходимлари меҳнатини қадрлаш ва рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта бундан кўзланган мақсад шифокорларнинг ўз касбига бўлган меҳрини ва малакасини ошириш баробарида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш.

Шу ўринда бир оғриқли нуқтадан кўз юмиш қийин. Юқоридагиларга зид равишда айрим ҳолларда шифокорларга нотўғри муносабатда бўлиш ҳолатлари кузатилмоқда. Улар фаолиятига тўсқинлик қилиш, қўпол муносабатда бўлишликни қандай баҳолаш мумкин. Сўнгги уч йил давомида Ўзбекистонда 290 га яқин ҳолатда тиббиёт ходимларига нисбатан турли шаклдаги тажовузлар қилингани ачинарли.

Юқоридагилардан келиб чиқиб бу муаммо муҳокамаларга сабаб бўлаётгани бежиз эмас. Соҳа ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш вақти келди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётгани айни муддао. Янги киритилаётган 197-7-моддага кўра, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш — фуқароларга БҲМнинг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шу ўринда соҳа ходимлари фаолияти билан боғлиқ бошқа бир қатор масалалар ҳам доимий назоратда бўлиши халқимиз саломатлигини яхшиланишига хизмат қилади. Тўғри, уларни ободонлаштириш ва қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилишга чек қўйилди. Ҳар бир ҳудуддаги шифокорни ўзи масъул бўлган ҳудудда ишлашига имконият яратиб бериш лозим. Оилавий шифокор тушунчаси ҳам баландпарвоз гап бўлиб қолмай амалда бўлсин.

Яшириб нима қилдик: аҳолининг тиббий маданияти ҳали тўла шаклланмаган. Бу ҳам шифокорларнинг масъулиятини оширади. Бунинг учун жамоатчилик билан кўпроқ ишлаш, ўртадаги муносабат мустаҳкам бўлиши лозим.

Хулоса шуки, қонунчиликдаги ўзгариш бундан буён саломатлик посбонлари қонун ҳимоясида бўлишлигини таъминлайди.

Малохатхон Мусаева,

«Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши

раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+