Энергия ва ресурс тежамкорлик: янги тадқиқотлар, технологиялар ва инновацион ёндашувлар

30.09.2021 15:09:40

 

Партиямиз Сайловолди дастурида иқтисодиёт тармоқларида инновацион технологиялардан омилкорлик билан фойдаланиш ҳозирги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканлиги алоҳида қайд этиб ўтилган. Олийгоҳда бўлиб ўтган халқаро тадбирда ҳам шу масалага жиддий эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда бугунги кунда муқобил энергия  манбаларидан фойдаланишни кўпайтириш  бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар салмоғини ҳисобга олганда қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида юқори малакали ва рақобатбардош кадрларни тайёрлаш нақадар долзарб вазифа эканлигини даврнинг ўзи кўрсатмоқда. Институтимизда юқоридаги устувор вазифалар ижроси бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2016-2017 ўқув йилидан бошлаб   “Муқобил энергия манбалари” (турлари бўйича) таълим йўналишида, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб эса “Муқобил энергия манбалари” магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда ва 2017 йилдан бошлаб  “Қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари”  ихтисослиги бўйича таянч докторантура фаолият кўрсатмоқда.  Ушбу соҳада малакали кадрларни тайёрлаш учун “Муқобил энергия манбалари” кафедраси базасида замонавий моддий-техник база яратилган. Жумладан, 28 турдаги замонавий лаборатория жиҳозлари ва қурилмаларига эга бўлган “Муқобил энергия манбалари” ўқув-илмий лабораторияси ва “Муқобил энергия манбалари” ўқув-илмий полигони ташкил этилган бўлиб, полигонда  100 м2 фойдали майдонга эга бўлган қуёш иссиқхонаси, қуёш ҳаво қиздириш қурилмалари, экспериментал қуёш уйи, биомассадан муқобил ёқилғи олиш учун пиролиз ва биогаз қурилмалари, мини шамол ва қуёш электр станцияси ҳамда қуёш сув қиздириш қурилмаларининг лаборатория вариантлари яратилган. Ушбу қурилмаларда йўналишнинг ўқув режасида белгиланган лаборатория машғулотларини ўтказиш имконияти мавжуд.

Бугун ташкил этилган  “Энергия ва ресурс тежамкорлик: янги тадқиқотлар, технологиялар ва инновацион ёндашувлар” мавзуидаги халқаро анжуманнинг асосий мақсади  иқтисодиёт тармоқлари ва  ижтимоий соҳада  энергия ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар натижаларини таҳлил қилиш, олинган илмий натижаларни амалиётга татбиқ этиш учун тавсиялар ишлаб чиқиш, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш, энергия тежамкорлик ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида инновацион технологияларни ва илмий-техникавий ишланмаларни жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича илмий ишларни муҳокама қилиш, инновацион ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича илмий асосланган хулосалар ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Анжуманда ёқилғи-энергетика комплекси корхоналарида энергия ресурсларини тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш муаммолари ва ечимлари хусусида ҳам сўз юритилди. Шунингдек,  қайта тикланувчи энергия манбаларидан  самарали фойдаланиш муаммолари, энергия тежамкорлик ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишда инновацион технологиялар, қишлоқ ва сув хўжалигида энергия тежамкор техника ва технологияларни жорий этиш ҳамда энергетика соҳасида малакали  кадрлар тайёрлаш муаммолари кенг муҳокама қилинди.

Халқаро анжуман Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Энергетика муаммолари илмий-тадқиқот институти, Қайта тикланадиган энергия манбалари Миллий илмий-тадқиқот институти, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, “Адолат” социал-демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши билан бир қаторда Россия табиий фанлар Академияси (РЕАН), Россия Миллий илмий-тадқиқот институти (МЭИ), Белорусь миллий техника университети каби нуфузли хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, анжуманда қайта тикланадиган энергетика соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган олимлар, докторантлар, магистрантлар, изланувчилар, ишлаб чиқариш корхоналарининг етакчи мутахассислари ва рационализаторлари иштирок этишди.

Анжуманда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш, энергия сиғимини янада қисқартириш, маҳсулот таннархини янада камайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш асосида ёқилғи балансини диверсификация қилиш орқали иқтисодий самарадорликни ошириш бўйича олиб борилаётган илмий ишларнинг натижалари таҳлил қилинди ва истиқболли йўналишлар белгилаб олинди. Ушбу анжуман республикамизда қайта тикланувчи энергетика соҳасида олиб борилаётган илмий ишларни умумлаштириш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантиришга ҳамда соҳа олимлари ўртасидаги ўзаро илмий-ижодий  ва халқаро алоқаларни кучайтиришга амалий ёрдам бериши шубҳасиздир.

 

                                               Хайрулла ДАВЛАНОВ,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт

институти “Муқобил энергия манбалари”

кафедраси мудири, техника фанлари доктори

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+