Энг муҳим  омил – тарбия

20.01.2022 16:01:53

Коррупция илдиз отган жойда демократия ва ҳуқуқ устуворлиги бўлмайди. Инсон ҳуқуқлари бузилади.

Бугун “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан Миришкор туманидаги мактабгача таълим бўлими тадбиргоҳида бўлиб ўтган “Коррупцияга қарши кураш, жамиятда ушбу иллатга нисбатан маданиятни шакллантириш” мавзуидаги давра суҳбатида ҳам шулар хусусида сўз юритилди. Унда партия фаоллари, ўқитувчилар, ёшлар, ҳуқуқ тартибот идоралари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Мавжуда Жумаева маъруза қилди.

-Ватан учун жон фидо қилиш олий туйғу,-деди Мавжуда Жумаева. -Негаки, ватаннинг камоли, равнақи йўлида фидоий бўлишдек улкан вазифа йўқ. Шундай экан, жамият тараққиёти кушандаси бўлган коррупцияга қарши  ҳар биримиз муросасиз бўлишимиз керак. Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштириб борилаяпти. Айниқса, муҳтарам Президентимиз томонидан ёш авлоднинг ҳуқуқий онгини ўстириш мақсадида ўрта, умум ва бошқа таълим масканларида ҳуқуқ фанларини чуқур ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда.

-Коррупция турли йўллар билан жамиятни исканжага олади, -деди тадбирда халқ депутатлари Миришкор туман Кенгаши депутати Жаббор Кенжаев.-Маърифат эса маънавиятга олиб келадиган йўл. Бугун коррупциянинг мамлакат тараққиёти учун ўта ёмон иллат эканлигини аҳоли ва ёшлар орасида қанчалик кўп тарғиб этсак, улар бу иллатдан тийилади. Албатта, бу ишларимиз келгуси авлод баркамоллиги учун ҳам хизмат қилиши шубҳасиз. Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ўстириш керак. Ҳа, ҳозир яхши кўчат эксак, эртага албатта яхши мева оламиз.

 Тадбирда бошқа сўзга чиққанлар ҳам пора билан қўлга тушганларни аҳоли орасида суд мажлисларини ўтказиш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, давлат ташкилотлари ходимлари иш ҳақларини мунтазам ошириб бориш, мансаблар сотилишининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш бутун жамиятнинг бурчи эканлигини таъкидладилар.

Тадбир савол жавоблар асосида ташкил этилгани боис қизиқарли кечди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Тўлқин Хидиров,

“Адолат” СДП Миришкор туман Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+