“Энг муҳими - бировга “нон бер”, деб чиқмайман”

13.08.2021 13:08:11

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгашининг “Замонамиз қаҳрамонлари”  лойиҳаси илк қаҳрамони 66 ёшли қўғирчоқсоз ҳунарманд Ҳикматой Маматова бўлди.

- Қўғирчоқлар мен учун  оддий ўйинчоқлар эмас, балки оила аъзоларимдир. Ҳар бирининг ўз исми бор. Шунингдек улар билан суҳбатлашаман, дардлашаман. Ҳатто уларнинг қиёфалари ҳам турлича. Чунки ҳаётдаги турли хил характерли инсонларнинг қиёфасидан андоза олиб уларни ясайман. Шу сабабли битта қўғирчоғим кулиб турса, бирининг қоши чимирилган бўлади.

Бу ўзи ясаган қўғирчоқларини оила аъзоси сифатида қадрлайдиган ҳунарманд  Ҳикматой Маматованинг сўзлари. Асли Жиззах вилоятининг Бахмал туманида туғилган бу аёл биринчи гуруҳ ногирони.  Тақдир тақозоси билан Сирдарё вилоятига келишига тўғри келган. Ҳозирда Гулистон шаҳрида имконияти чекланган аёллар учун ажратилган имтиёзли кўп қаватли уйлардан бирида истиқомат қилади. Ўз йўналишида қатор танлов ва кўргазмаларда иштирок этиб келаётган бу аёлнинг қўғирчоқлар билан боғлиқ ўз ҳаётий ҳикояси бор.

-Ўшанда тўрт ёки беш ёшларда эдим. Отам билан шаҳарга бордик. У ерда ўйинчоқлар дўконини ёнидан ўтаётиб сариқ кўйлакли қўғирчоққа кўзим тушди. Олиб беринг, дея ҳархаша қилишимга қарамай отамнинг пули етмаганлиги сабабли қўғирчоқни сотиб ололмадик. Ярим кўнглимни тўлдирар эдику, дея анча вақтгача ҳафа бўлиб юрдим. Лекин кўз ўнгимдан ўша қўғирчоқнинг қиёфаси кетмас эди. Шунда катта бўлсам, ўзим қўғирчоқ ясаб оламан, деб мақсад қилиб қўйдим. Йиллар ўтиб шу мақсадимни амалга оширдим. Ҳозиргача беш юздан ортиқ қўғирчоқларни ясаб, мактабгача таълим ташкилотларига сотдим. Битта қўғирчоқни икки кунда ясайман. Йигирма минг сўмдан бошлаб олтмиш минг сўмгача  сотаман. Нафақа пулим уйнинг банкка ойлик тўлови учун етиб туради. Ҳунарим орқасидан рўзғоримни бутлайман. Энг муҳими бировга нон бер, деб чиқмайман. Кимнингдир қўлига ҳам қарам эмасман, - дейди биз билан суҳбатда Ҳикматой опа.

Партия вилоят Кенгаши фаоллари ҳунарманд аёлнинг икки хонали хонадонига ташриф буюрар эканмиз, унинг ёлғиз эмаслигига амин бўлдик. Чунки беш нафар шогирди ва синглиси билан кун бўйи қўғирчоқ ясайди. Бир нечта бадиий адабиётларни ўқиб чиққан Ҳикматой Маматованинг суҳбатидан баҳраманд бўлувчилар ҳам кун ора ташриф буюриб туради. Чунки опанинг эшиги ҳамиша очиқ.

Партия вакиллари билан суҳбати асносида бир масала эътиборимизни тортди. Яъни Ҳикматой опанинг ўттиз йиллик қадрдон буюми, иш қуроли тикув машинкаси эскирган. Ҳатто баъзида тақир-туқур овоз ҳам чиқариб қўяр экан.

-Агар замонавийроқ тикув машинкам бўлганида эди, қўғирчоқларни янгича дизайнда яратган бўлар эдим. Чунки бу машинкада имкониятлар кам, - дея изоҳ беради ҳунарманд.

   Бу масала эса маҳаллий Кенгаш депутатларининг  иш режасидан ўрин олди. Ҳикматой Маматованинг бир кунига ҳамроҳ бўлиш асносида эса  ҳаётга қувонч кўзи билан қарайдиган аёлни кўра олдик. Энг муҳими у ўз ҳаёти билан тўрт мучаси соғ бўлсада  кимнинигдир қўлига қарам бўлиб турган баъзи боқимондаларга ибрат ҳам бўлмоқда.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё

 вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+