Энг олий саодатимиз – мустақиллигимиздир

30.08.2022 15:08:48

Ўзбекистон Республикаси Мустақилликнинг 31 йиллиги олдидан «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят ва Шаҳрисабз шаҳар Кенгаши ҳамда Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида «Инсон қадри улуғланган юрт!» мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Маданият маркази тадбиргоҳида партия фаоллари,ёшлар ташкилотлари вакиллари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда истиқлол йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланаётганлиги эътироф этилди. Бугунги кунда саховат, мурувват, меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат,жонажон Ватанимиз тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.

Тадбирда халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Дилрабо Темирова маъруза қилди.

- Халқимиз томонидан истиқлол йилларида босиб ўтилган тарихий ва шонли йўл, эришилган улкан ютуқ ва марралар, уларнинг мазмун ва моҳиятини ҳар томонлама англаш , ёшлар онгига сингдириш ва фуқароларда мустақил ҳаётда эришилган натижаларни ҳис қилиб яшаш тафаккурини шакллантириш бугунги тобора глобаллашиб бораётган шароитда жуда муҳимдир, -деди Дилрабо Темирова.-Халқимизнинг жонажон ватанимизга меҳри, муҳаббат ва ифтихор туйғуси юксалаётганлигини ҳар қадамда ҳис этиб турибмиз. Айниқса муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ёшлар ва хотин-қизларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, ёшлар масаласини давлат сиёсати даражасига кўтариш , уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, соғлом ва баркамол ўсиб улғайишларига шароитлар яратиш, аёлларнинг оила ва жамиятда мавқейини юксалтириш, мустақилликнинг энг муҳим шартидир. Мамлакатимиздаги улкан ва мисли кўрилмаган бунёдкорлик, жўшқинликнинг асосий сабаби, энг аввало, мустақиллик берган ҳуқуқ ва эркинлик ҳамда барча соҳаларда амалга оширилаётган оқилона ислоҳотлар самарасидир.

Тадбирда истиқлол йилларида қўлга киритилган улкан оламшумул ютуқлар ҳақида ҳам маърузалар тингланди Ёшлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар олдилар.

Тадбир ниҳоясида вилоят ва шаҳар маданият уйи хонандалари мустақилликни мадҳ этувчи куй қўшиқлар ижро этдилар. Хотин-қизлар ва ёшлар эртанги фаровон ҳаётимизни акс эттирувчи саҳна кўринишларини намойиш этдилар. Тадбирда байрамона кайфият ҳукм сурди.

Дарвоқе, шундан сўнг истиқлол шодиёналари маҳаллаларга кўчди.

Самариддин Зайниддинов

Халқ депутатлари Шаҳрисабз шаҳар Кенгаши депутати.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+