Ер энди ҳокимларнинг қўлида эмас

14.06.2021 12:06:30

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни ер муносабатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда алоҳида таъкидлади. Яъни ҳоким қарори билан нодавлат секторга ер ажратиш ҳамда ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиёти бекор қилинади. Бу билан вилоят ва туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасини ўзгартириш ваколати Вазирлар Маҳкамасига ва Президентга ўтказилиши маълум қилинди.

Мазкур йиғилишни кузата туриб айрим қишлоқдошларимнинг деҳқончилик қилиш ёки уй қуриш учун ер майдони олишдаги сарсонгарчиликлари эсимга тушди. Ҳанузгача эсимда - депутатлик фаолиятимнинг илк ойлари эди. Округим ҳудудидаги аҳоли билан суҳбатлашганимда кўпчилиги ер муносабатлари соҳасида юзага келаётган ноҳақликлар ҳақида куйиниб гапирган эди. Ёш депутат бўлганим учун бу масалада тегишли мутассаддиларга депутатлик сўровларини ҳам юбордим. Лекин натижадан дарак бўлмади. Яъни, шаффофолик ва очиқлик йўқ тизимда қайси ер кимга берилаяпти, ким қайси ер эгаси бўлиши керак каби муҳим қарорларни туман ҳокимлиги ўз билгунча қабул қилар эди.

Чунки ер билан боғлиқ муносабатлар холис ва ҳаққоний  тизимга эга эмас эди. Ҳаттоки ушбу йўналишдаги мурожаатлар юзасидан ҳафсаламиз пир бўлган вақтлар ҳам бўлган. Президентнинг бу мавзудаги йиғилиши ва унда кўтарилган муаммо ва камчиликлар, таклифларни кузата туриб тўғриси ҳурсанд бўлдим. Айниқса «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонининг қабул қилиниши амалий бўлди. Бу ҳақида ер билан боғлиқ  масалада мурожаат қилган сайловчиларга  етказдим. Чунки бу борадаги оғриқли нуқтага чек қўйилгани янгилик бўлди. Шунингдек, мазкур фармонга асосан  2021 йил 1 августдан ҳокимликларнинг ерга оид қуйидаги ваколатлари бекор қилинганини бирма-бир тушунтириб ўтдим. Яъни

— ерни тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, заҳиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш;

— туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;

— суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;

— жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;

— хусусийлаштириладиган ерга нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш.

Сайловчиларга яна бир муҳим жиҳати, яъни ер ресурсларини талон-торож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний сотиш ҳолатларининг ҳам олди олинишини айтишни жоиз топдим. Демак, ер билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда коррупциянинг ҳам илдизига болта урилди. Зеро, Ер Президентимиз таъбири билан айтилганида халқни боқаётган мулк. Шундай экан уни ҳокимларнинг қўлидан олиш вақти келганди. Ер ажратиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги ҳам таъкидланди Президент томонидан. Ер ажратиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш вазифаси эса биз депутатларнинг асосий ишларимиздан бири бўлмоғи зарур. 

Истад БЕКНАЗАРОВ,

Халқ депутатлари Сайҳунобод

туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+